Мариуполдан бир кунда 7331 киши эвакуация қилинди

Украинанинг Мариуполь шаҳри, 25 март, 2022 йил.

Украинада бир кун ичида келишилган икки гуманитар йўлак орқали 7331 киши эвакуация қилинди.

Бу ҳақда Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук маълумот берди.

Верешчук сўзларига кўра, 2800 киши Мариуполдан Запорожьега ўз транспорти билан йўл олди, яна тўрт минг нафар Мариуполь аҳолиси Бердянскдан автобусларда марказлаштирилган ҳолда эвакуация қилинган.

Шунингдек, Мелитополдан Запорожьега 531 киши олиб ўтилган. Шаҳарга гуманитар ёрдам етказилмоқда.

Ирина Верешчук "Халқаро Қизил Хоч" қўмитаси раҳбари Питер Маурерга Мариуполдан Россия ҳудудига мажбуран олиб ўтилган барча Украина фуқаролари рўйхатини Россия расмийларидан олиш ва уларга тегишли ҳужжатларни тақдим этиш талаби билан расман мурожаат қилганликларини айтди.