Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18-19 феврал кунлари амалий ташриф билан Вашингтонда бўлди ва "Тинчлик кенгаши" илк йиғинида иштирок этди.
Йиғиндаги чиқишида Мирзиёев, ўз ҳукумати бу кенгашни ташкил этиш ва кенгаш доирасидаги "тинчликпарвар ташаббуслар"ни қўллаб-қувватлаш, хусусан Ғазода уй-жой, шифохоналар қуришга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.
Шу йил январда АҚШ Президенти Дональд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган "Тинчлик кенгаши"га Ўзбекистон таъсисчи давлат сифатида қўшилди, бунинг учун 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўлов киритиш мажбуриятини зиммасига олди.
Марказий Осиё давлатларидан яна Қозоғистон кенгашга аъзо бўлди.
Қуйида бу кенгашнинг минтақа давлатлари учун аҳамияти борасида Вашингтондан Алекс Рауфўғли таҳлилини ўқишингиз мумкин.
Трамп ташаббуси билан ишга туширилган “Тинчлик кенгаши” фақат Ғазо бўйича янги майдон эмас. У глобал дипломатия усули ўзгараётганини англатади.
Яъни, секин ва расмий кўп томонлама тизим ўрнига, тез қарор қабул қиладиган “ихтиёрий давлатлар коалицияси” шаклланмоқда.
Москва, Пекин ва Ғарб ўртасида мувозанат сақлаб келаётган, суверенитетни устувор деб билувчи Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатлар учун бу ҳам хавф, ҳам имкониятдир.
Икки мамлакат раҳбарининг, ўзини янги тузилманинг таъсис аъзоси сифатида кўрсатишга уриниши — унинг аҳамиятига эрта баҳо берилганидан далолат сифатида баҳоланиши мумкин.
Хавф шундаки, Европа давлатларининг бир қисми бу ташаббусга эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Чунки, бу тузилма БМТ тизимига муқобил ёки унга рақобатчи формат сифатида кўрилмоқда.
Имконият эса шундаки, АҚШ етакчилигидаги бу тузилма қарор қабул қилиш тезлиги, молиявий ресурс ва сиёсий содиқликни расмий тартиб-қоидалардан устун қўядиган кўринади.
Президент Шавкат Мирзиёев Board of peace - Тинчлик кенгаши йиғилишида, 19 феврал, 2026, Вашингтон
Тошкент ва Остона учун бу очиқ прагматик ҳисоб-китобдир. Ғазони тиклаш учун маблағ ажратиш, Қозоғистоннинг 20 минг кишилик халқаро тинчликпарвар кучлари таркибида иштирок этишга тайёрлигини билдириши — уларнинг АҚШ етакчилигидаги янги форматга яқинлашиш истагини англатади.
Бу йўналиш Ғарбнинг демократик меъёрлар борасидаги танқидларидан чарчаган режимлар учун муайян “сиёсий нафас олиш" имконини ҳам яратиши мумкин. Жаҳон банки орқали йўналтириладиган 10 миллиард долларлик жамғарма “назорат ва амалга ошириш” шиори билан тақдим этилмоқда.
Сўнгги ўн йилда Тошкент ва Остона ўзларини минтақадаги масъул ва конструктив ўрта куч сифатида намоён этишга ҳаракат қилди.
Бунда Ўзбекистон — Шавкат Мирзиёев даврида эҳтиёткор ислоҳотлар ва қўшнилар билан муносабатларни яхшилаш орқали ўзини кўрсатишга уринмоқда. Қозоғистон эса “кўп векторли” ташқи сиёсат ва Сурия ҳамда Украина бўйича музокараларга мезбонлик қилиш орқали.
АҚШнинг фаолроқ ташқи сиёсати уларга Марказий Осиёдан ташқарида ҳам кўриниш ва таъсир имконини бериши мумкин. Можародан кейинги тикланиш соҳасида уларнинг технократлари, тараққиёт институтлари ва қурилиш компаниялари иштирок этиши эҳтимоли бор.
Бироқ бу ерда нозик жиҳат ҳам мавжуд. Анъанавий халқаро назорат механизмларини четлаб ўтаётган форматга яқинлашиш инсон ҳуқуқлари ва сиёсий ислоҳотлар бўйича ташқи босимни вақтинча юмшатиши мумкин. Лекин бу узоқ муддатда ислоҳотлар ишончлилиги ҳақида саволлар туғдириши эҳтимолдан холи эмас.
Россияга ортиқча боғланиб қолишдан эҳтиёт бўлаётган ва Хитой таъсирини мувозанатлашга интилаётган бир пайтда, Вашингтон билан чуқурроқ ҳамкорлик Марказий Осиёнинг икки давлати учун стратегик фойда келтириши мумкин: сармоя, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва сиёсий қўллаб-қувватлаш.
Агар бу жараён эҳтиёткорлик билан бошқарилса, янги форматда иштирок этиш кўп томонлама сиёсатдан воз кечиш эмас, балки анъанавий стратегияни давом эттириш бўлади: ҳамма билан ишлаш, ҳеч ким билан очиқ тўқнашмаслик ва ҳар бир куч марказидан аниқ манфаат олиш.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Оқ Уйга яқинлашиш мафкуравий таваккал эмас, балки пухта ўйланган мувозанат сиёсати бўлиши мумкин.