“Танқидий фикрлар нишонга олинмаса бўлди”. Ўзбекистонда сўкинишга қарши янги чоралар

Ўзбекистон интернетдаги ҳақорат ва камситишларга қарши курашиш учун жавобгарликни кенгайтирмоқда.  

Илгари бундай ҳолатлар фақат Жиноят кодекси орқали тартибга солинган бўлса, энди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам алоҳида модда киритилиши кўзда тутилган.

Айрим экспертлар буни онлайн-зўравонликка қарши муҳим қадам деб баҳолашса-да, у амалда сўз эркинлиги ва танқидий фикрларга босим сифатида қўлланилиши мумкинлигидан хавотир бор.

"Изоҳларда ҳақорат ва норозилик фикрлари тўлиб кетади"

Тошкентлик таниқли журналист Анора Содиқова интернетда ҳақоратга учрагани учун судга мурожаат қилган ўзбекистонликдан бири.

У 2025 йилда блогер Мирсаид Ҳайдаровга нисбатан судга даъво аризаси киритиб, Facebook’да “ҳақорат ва туҳмат мазмунидаги бир нечта постлар жойлагани" учун маънавий ва моддий зарар ундиришни талаб қилган. Тошкент шаҳар суди журналистнинг даъвосини қаноатлантирган, Ҳайдаров эса қарор билан рози эмаслигини билдирган.

Анора Содиқова.

“Ишимиздан норози бўлишсин, қайси бир материалларимиз профессионал даражада қилинмаган деб ҳисоблашсин, майли. Лекин, шахсан ёмон сўзлар билан ҳақорат қилишларини ҳоҳламайман” - дейди Содиқова.

Шу каби ҳолатлар бошқа жамоат арбоблари билан ҳам кузатилган. Масалан, таниқли бошловчи Нилуфар Сотиболдиева Инстаграмда ўзини ҳақорат қилган шахсни судга бериб, 100 миллион сўм маънавий зарар талаб қилган. 2025 йил бошида суд айбдорни бир йилга аҳлоқ тузатиш ишларига тортиб, журналист фойдасига қарор чиқарган.

Интернетда ҳақоратли изоҳ ёзганларга қарши судга даъво йўллаганлар орасида хонанда Каниза ҳам бор. Лекин бундай ишлар судда қонунчиликдаги умумий нормалар билан қараларди.

Кузатувларга кўра, Ўзбекистонда интернетда фикрини очиқ билдирган қизларга, хонанда ва журналист аёлларга нисбатан камситиш ёки тарбиясига оид эътирозларни сўкиниш орқали билдирилган изоҳлар тез-тез учрайди.

Жиноят кодексининг 140-моддасига кўра, интернетда шахс шаънига тегиш ҳолатлари учун жарима, мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари белгиланган.

Ҳозирда Олий Мажлисда муҳокама бўлаётган янги қонун лойиҳаси эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекска ўзгартириш киритишга қаратилган ва интернетда ҳақорат, камситиш, сўкиниш учун алоҳида модда назарда тутилган.

“Лойиҳа билан телекоммуникация ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоқларида уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини бузувчи бошқа шу каби ҳаракатлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда. Ушбу норма жамоат тартиби ва фуқароларнинг осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир” - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Telegram каналида тарқатилган хабарда.

Ҳужжат 2026 йил феврал ойида биринчи ўқишда маъқулланган ва Сенатга юборилган. У тасдиқланса ва президент имзоласа, интернетдаги хулқ-атвор алоҳида ҳуқуқий асосда тартибга солинади.

Анора Содиқова агар қонун қабул қилинса, унинг қўлланилишида аниқ чегаралар бўлиши зарурлигини айтади:

“Биз чоп этган хабар ёки видеоларнинг тагига ёзилган изоҳларда ҳақорат ва норозилик фикрлари тўлиб кетади. Биз кўпинча уларни тозалашга мажбурмиз. Лекин ҳозир ташаббус қилинаётган қонун лойиҳаси қабул қилинса, танқидий фикрлар ҳам ҳақорат деб нишонга олинмаса бўлди. Шунга эътиборли бўлишимиз лозим. Яъни, танқид билан ҳақоратни ажрата билиш керак. Ҳақорат бўлса, фуқаро жавоб берсин. Лекин кимдир вазирдан, ҳокимдан норозиман, ишдан кетсин деган фикри учун ҳам маъмурий жазога тортилса, нотўғри бўлади”.

"Суд амалиёти ва жамоатчилик ишончига боғлиқ”

Мустақил журналист Шохруҳ Соипов охирги йилларда Марказий Осиёда ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни мониторинг қилиб келмоқда.

Шохруҳ Соипов.

“Айниқса TikTok ва Instagram каби платформалардаги жонли эфир ёки изоҳларда ҳақоратли ёки "куракда турмайдиган" уят сўзлар кўп учрайди. Бундай ҳолатлар учун маъмурий жавобгарликни белгилаш давлат томонидан онлайн муҳитдаги ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрларни мустаҳкамлашга қаратилган қадам сифатида қаралиши мумкин. Бироқ, нормалар аниқ ва шаффоф бўлмаса, улар сўз эркинлиги ёки танқидий фикр билдиришга нисбатан босим сифатида ишлатилиши хавфи ҳам мавжуд”.

Президентни ҳақорат қилганлар жазоланади

Ўзбекистоннинг яқин тарихида интернетда президентни ҳақорат қилди деб фуқароларни жавобгарликка тортиш ҳолатлари кузатилган. Жиноят кодексига 2021 йили киритилган нормага кўра, 158-моддаси 3-қисмида президентни камситишга қарши алоҳида жавобгарлик бор.

2024 йилда 24 ёшли Ситора Бозорова президент “сулоласи” ҳақидаги танқидий постлари учун беш йилга озодликдан маҳрум этилган.

Олий суд маълумотларига таяниб ёзишича, ўша йили камида 10 киши президентни ҳақорат қилгани учун қамалган. Ушбу нашр 2025 йили Оҳангаронда 18 яшар йигит Instagram'да президентни ҳақорат қилгани учун икки йилга қамалганини ёзган.

“Ҳалқаро тажриба шуни кўрсатадики, бундай қонунлар қабул қилинаётганда “онлайн зўравонлик” ёки “ҳақорат” каби тушунчалар аниқ таърифланиши ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти очиқ бўлиши муҳим. Ўзбекистонда интернетдаги сўкинишларга қарши қонун лойиҳаси ташаббуси онлайн муҳитда масъулиятни оширишга қаратилган қадам бўлиши мумкин, аммо унинг муваффақияти асосан қонун нормаларининг аниқлиги, суд амалиёти ва жамоатчилик ишончига боғлиқ бўлади” - дейди журналист Соипов.