Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:18

Ўзбекистон: "Президентни ҳақорат қилгани учун" қамалганлар сони ошмоқда


Шавкат Мирзиёев биринчи президент Ислом Каримовдан фарқли ўзини сўз эркинлиги ҳимоячиси сифатида кўрсатиб келади.
Шавкат Мирзиёев биринчи президент Ислом Каримовдан фарқли ўзини сўз эркинлиги ҳимоячиси сифатида кўрсатиб келади.

Шу йил бошида 24 ёшли Ситора Бозорова ижтимоий тармоқларда Президент Шавкат Мирзиёев “сулоласи”ни “ёқиб юбориш”га чақирган постлари учун беш йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Мирзиёевнинг қизи ва унинг бош ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳақида номақбул гаплар айтганликда айбланган Бозорова яна давлат раҳбарини ҳақорат қилгани учун қамалганлар рўйхатига қўшилди. Бу Жиноят кодексига 2021 йилда киритилган янги модда асосида амалга оширилмоқда.

2016 йилда президент бўлганидан кейин Мирзиёев ўзидан аввалги Ислом Каримовдан фарқли ўлароқ ўзини сўз эркинлиги ҳимоячиси сифатида кўрсатди. Бу мамлакатда ҳам, чет элда ҳам ҳаяжон билан кутиб олинди. Ҳозир кўриниб турибдики, бу ҳам ўтмишда қолди ва Мирзиёев шаънини ҳимоя қилиш учун киритилган модда репрессияларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.

ДХХ ни танқид қилган блогер Қозоғистонда ҳибсга олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:34 0:00

Тўғри турмага

Жиноят кодексига ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда президентни омма олдида ҳақорат қилганлик ёки туҳмат қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи 158-модда 3-қисмининг қўшилгани Ўзбекистон расмийлари томонидан мамлакатда ўзгача фикрни бостиришга уринишнинг бир қисмидир.

Бундай воситаларни қўллаш кенг тарқалган.

Олий суд маълумотларига таяниб, шу ойда хусусий UzNews интернет нашри хабар қилишича, сўнгги 12 ой ичида камида 10 киши президентни ҳақорат қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Нашр хабарига кўра, гап турли хил жазоларга: ахлоқ тузатиш ишларидан тортиб, ушбу жиноят учун энг кўп муддат – беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган 25 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар ҳақида кетмоқда.

Аксарият ҳолларда ҳукмлар онлайн постлар ёки шарҳларга асосланган бўлиб, ҳуқуқбузарларнинг ҳеч бири ўқувчиси кўп блогерлар эмас.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раиси Надежда Атаеванинг айтишича, у Брюсселда жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти билан биргаликда фуқаролар эркинлиги ҳолати тўғрисида ҳисобот эълон қилмоқчи.

Атаева “Озодлик” билан суҳбатда ҳозирда Ўзбекистон қонунчилигида у ёки бу тарзда сўз эркинлиги билан боғлиқ 30 га яқин модда борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, 158-модда 3-қисмига биноан озодликдан маҳрум қилинганларнинг аксарияти илгари судланмаган.

“Кўплаб бошқа мамлакатларда сўз билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида гап кетганда, ҳуқуқ-тартибот идораларининг биринчи муносабати огоҳлантириш бўлади, – дейди Атаева. – Ўзбекистонда ҳеч қандай огоҳлантириш йўқ, дарҳол қамоқ”.

Шу пайтгача афв сўраб қилинган мурожаатлар ҳам эътиборсиз қолмоқда.

“Қизим президентни ҳақорат қилишини тасаввур қила олмайман”, деди Бозорованинг онаси Саодат Қурбонова “Озодлик” радиоси билан суҳбатда президентга илтижо қилишдан олдин: “Президент, илтимос, қизим турмушга чиқсин. Унинг қандайдир безоридек умрини қамоқда ўтказишини истамайман. Унинг жуда кўп умидлари ва орзулари бор эди. Мурожаатларимни инобатга олиб, қизим оқланиб, уйимизга қайтишига ёрдам беришингизни сўрайман”.

Президентни ҳақорат қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган энг ёш фуқаро 2023 йил октябрь ойида икки ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган 19 ёшли самарқандлик йигит эди.

“Озодлик” радиоси кўриб чиққан суд қарори нусхасида Дилшод Искандаров Instagram’да президент оиласи ҳақидаги видео остида Мирзиёевларнинг ҳозирги ва келажак авлодларини лаънатлаган изоҳ қолдиргани айтилади.

Ўшанда Россияда бўлган Искандаров дўстлари маслаҳати билан изоҳни ўчириб ташлаган ва судда пушаймон эканлигини айтган, бироқ айбига иқрор бўлгани уни қамоқ жазосидан қутқара олмади.

Отабек Умаровнинг нархи $2 млн бўлган соати муҳокама қилинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:47 0:00

Ўзбекча "аквариум"даги ҳаёт

2019 йилда, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан уч йил ўтиб, Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги тавсифини “жуда жиддий”дан “мураккаб”га ўзгартирган эди.

Ташкилотнинг йиллик Жаҳон матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон биринчи марта матбуот ҳуқуқларини поймол қилишда етакчилик қилган Хитой, Эрон ва Саудия Арабистони каби давлатлар қаторида “қуюқ қизил зона”га киритилмаган эди.

Бунинг ўрнига Ўзбекистон Колумбия, Марокаш, Индонезия ва Қозоғистон сафидан ўрин олганди.

Ушбу ютуқдан беш йил ўтиб, Ўзбекистон яна қизил зонага тушиб, 180 мамлакат ичида 148-ўринни эгаллади, бу ўтган йилги рейтингдан 11 поғона пастдир.

“Веб-сайтлар ва блогерларга кучли босим бор. Материаллар мунтазам равишда олиб ташланади. Цензура, ўз-ўзини цензуралаш. Ҳамкасблар журналистикани тарк этмоқда ёки кетишни режалаштирмоқда”, деб ёзди журналист Шуҳрат Латипов Telegram’даги каналида Ўзбекистон “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг ҳар йили 3 май, Жаҳон матбуот эркинлиги кунида эълон қиладиган индексдаги ўрнини йўқотганига муносабат билдириб.

Президентни ҳақорат қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилиш ҳолатлари Мирзиёевнинг биринчи президентлик муддати тугашига яқин бошланган ва сўнгги йилларда пайдо бўлган фуқаро журналистларнинг янги авлодини нишонга олмоқда.

Бундай айбловлар билан қамоққа ташланган биринчи ўзбеклардан бири термизлик видеоблогер Отабек Сатторий бўлиб, маҳаллий амалдорларни коррупция ва нотўғри бошқарувда аёвсиз танқид қилган эди.

У Мирзиёевни ҳақорат қилиш у ёқда турсин, балки президентни ўзининг илҳом манбаи деб ҳисоблаган, чунки президент аввал-бошда блогерларни амалдорлар орасидаги “камчиликларни фош қилишга” чақирган, шу билан бирга уларни “қўллаб-қувватлашга” ваъда берганди.

Бироқ 2021 йил май ойида Сатторий товламачилик ва туҳматда айбланиб, олти ярим йилга озодликдан маҳрум этилди. Шу йил февраль ойида у муддатидан олдин озодликка чиқди. Озодликка чиққан Сатторий жазо муддатининг қолган қисми учун даромадининг 20 фоизини давлатга тўлаши керак.

Сатторий ҳукмидан сўнг Ўзбекистонда блогерларни товламачиликда айблаб жиноий жавобгарликка тортиш одатий ҳолга айланган.

Блогерлар “ови” давом этмоқда
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:14 0:00

Берлинда жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми директори Умида Ниёзова ўтган йили “Озодлик” билан суҳбатда бу тактика ишни одатий жиноятларга ўхшатиш учун қилинишини айтган эди.

“Иккинчидан, товламачилик айбловларини тўқиб чиқариш осон. Ашёвий далил келтиришнинг ҳожати йўқ – кимдир блогер пул ундириб олгани ҳақида полицияга ариза ёзиши кифоя”, дейди Ниёзова.

Блогерларга қўйилган яна бир айблов, жамоат хафвсизлиги ва "конституциявий тузум"га таҳдид. Бу Каримов даврида ҳам прокурорлар ва судлар томонидан қўлланган айбловдир.

2022 йил бошида ушбу айбловлар билан етти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев ўтган йил декабрида қамоқдан чиққан эди. У шартли равишда озод қилинди.

Аммо ўша ойда Фарғона водийсидаги Қўқон шаҳридан машҳур блогер Олимжон Ҳайдаров товламачилик ва туҳматда айбланиб, саккиз йилга қамалган эди.

Ушбу қаттиқ ҳукмлар танқидий овозларни ўчириш учун керакли таъсирга эга.

Ўзбекистон босма ва радиоэшиттиришдаги ҳамкасблари сингари, блогерлар ҳам кўпинча ҳукуматнинг аниқ аралашуви билан таслим бўлишади.

Ўтган йили “Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистон жанубидаги бир минтақада ўн минглаб ўқувчиси бор олтита Telegram канал ҳукумат босими остида ёпилганидан сўнг огоҳлантирган эди.

Шу билан бирга, ҳукуматпараст блогерлар ахборот майдонида ўз таъсирини кенгайтириб, ҳуқуқ ҳимоячиси Атаевага кўра, “гламур турмуш тарзи образи” орқали оммавий аудиторияни шакллантирмоқда.

Унинг айтишича, буларнинг барчаси Мирзиёев режими қимматли қайта мулоқот механизмини йўқотаётганини англатади.

“Ўзбекистон яна аквариумга айланиб бормоқда, у ердаги сув бузиляпти, лекин фуқароларга гапиргани қўйишмайди. Улар шунчаки жимгина сузиши керак бўлган балиқлар”, дейди Атаева.

Форум

XS
SM
MD
LG