Ўзбекистонда экстремистик жиноятлар рўйхати кенгайтирилади

Ўзбекистонда экстремистик жиноятлар рўйхати кенгайтирилади, “норасмий ташкилотларни экстремистик деб топиш механизми жорий этилади.

Олий мажлис депутатлари бу ўзгаришларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Қонун қабул қилинишида қатнашган Ўзбекистон бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев экстремизм халқаро тинчлик ва хавфсизликка асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолаётгани, Жиноят кодексида фақат диний экстремизм учун жавобгарлик назарда тутилгани, бошқа шакллар — миллий, ирқий, сиёсий экстремизм бўйича моддалар йўқлигини айтди.

“Бугунги кунда экстремистик ғояларнинг таъсири кенгайиб, уларнинг шакл ва мақсадлари тобора хилма-хил бўлиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва бутун минтақалар барқарорлигига таҳдид солади. Бундай шароитда экстремизмга қарши курашиш тизимини доимий ривожлантириш, шунингдек, комплекс қонунчилик, меъёрий ва институционал базани такомиллаштириш талаб этилади”, деди Валиев.

Айрим ўзгартиришлар норасмий тузилмаларни (экстремистик ва бошқа тақиқланган ташкилотлар бундан мустасно) ташкил этиш, уларга раҳбарлик қилиш ва уларда иштирок этиш учун жавобгарликка тааллуқлидир.

“Илгари жазо 10−15 йилни ташкил этган бўлса, эндиликда уни иштирок этиш даражаси ва содир этилган қилмишнинг хусусиятига қараб 5 йилдан 10 йилгача ва 15 йилгача дифференциация қилиш таклиф этилмоқда”, таъкидлайди Ўзбекистон бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев.

Ҳуқуқ фаоллари фикрича, “экстремизм” бўйича қонунчиликдаги ушбу ўзгаришлар унинг ўзбошимчалик билан талқин қилиш хавфини камайтириши мумкин.

Айни пайтда улар қонунчиликдаги “сиёсий экстремизм” иборасига эътибор қаратишмоқда.

Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов фикрича, жамоатчиликда хавотирларни юзага келтирган.

Абдураҳмон Ташанов, "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари.

"Экстремизмни шакллари турлари қонунда кўпайтириляпти, яъни илгари диний экстремизм бўлган бўлса эндиликда сиёсий экстремизм деган нормалар билан қонунчилик бойитиляпти. Бунақа пайтларда сиёсий режимлар характерини акс эттирадиган қонун қабул қилинадиган бўлса бу албатта ҳақли хавотирларга сабаб бўлади. Чунки норасмий ташкилотларни сиёсий экстремизмда айблаш мумкин бўлган лазейкалар бор. Бу Россия тажрибасига хос. Ҳолбуки Бош прокуратура қонунни ишлаб чиқаётганда гўёки Европа, ғарб мамлакатларининг қонунчиликларини ўрганганини иддао қилган. Бунақанги илғор қонунчилик бор жойда аслида сиёсий экстремизм сўзи мавжуд эмас”, - дейди Ташанов.

Қандай ўзгаришлар таклиф этилмоқда?

Қонун лойиҳаси қонунчиликка экстремистик жиноятлар рўйхатини киритишни назарда тутади, жумладан:

Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш);

159-модда (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш);

244-модданинг 1, 2 ва 4-қисмлари (оммавий тартибсизликлар);

244−1-модда (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш);

244−2-модда (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни ташкил этиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш).

Бундан ташқари, ҳужжат қуйидагиларни киритади:

ташкилотлар ва «норасмий тузилмалар»ни экстремистик деб тан олиш механизми;

бундай ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш чора-тадбирлари;

экстремистик жиноятларни содир этган шахслар учун чекловлар;

ижтимоий реабилитация ва радикал қарашларни тузатиш воситалари;

экстремистик фаолиятга алоқадорлиги сабабли юридик шахсларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш имконияти;

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева фикрича, бу ўзгаришлар ўзбошимчалик билан талқин қилиш хавфини камайтириши мумкин

Надежда Атаева, Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари.

“Қонун лойиҳасининг янги таҳририда экстремистик жиноятларнинг кодлаштирилган рўйхати ва уларда иштирок этиш шаклларини фарқлаш назарда тутилган. Ушбу ўзгаришлар ўзбошимчалик билан талқин қилиш хавфини камайтириши мумкин, чунки улар иштирокчиларнинг ҳаракатлари ва уларнинг жиноят содир этишдаги роли ўртасида аниқроқ фарқлаш имконини беради. Шунингдек, иштирок этиш даражасига қараб, 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоларининг градацияси ҳам жорий этилган.

Бу, назарий жиҳатдан, стандартлаштирилган жазо тайинлаш амалиётини қисқартириши мумкин, чунки судлар муайян шахснинг иштироки даражасини ҳисобга олишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, қонун лойиҳаси қисман декриминализация элементларини ўз ичига олади. Хусусан, тақиқланган материалларга биринчи марта эгалик қилганлик учун жиноий эмас, балки маъмурий жавобгарлик таклиф этилади. Бу жиноий тизимга юкни камайтириши ва расмий асосда жиноий жавобгарликка тортиладиган шахслар сонини камайтириши мумкин.

Алоҳида-алоҳида, ижтимоий реабилитация механизмларининг жорий этилгани эътиборга молик. Бу муҳим қадамдир, чунки у фақат жазоловчи моделдан узоқлашади ва реинтеграция элементларини ўз ичига олади. Бироқ, бу ижобий томонлар билан бир қаторда, жиддий хавфлар сақланиб қолмоқда”, - дейди Атаева.

Калит сўз — “сиёсий экстремизм”

Ҳуқуқ фаоллари, бу қонун кўплаб ташкилотлар экстремистга чиқарилган Россиядаги экстремизм қонунига жуда ўхшаш эканига ҳам эътибор қаратишмоқда.

Россия Олий суди ёпиқ мажлисда айнан янги экстремизм тўғрисидаги қонун асосида Халқаро жамоат ҳаракати "Мемориал"ни экстремистик ташкилот деб эълон қилди ва унинг мамлакат ҳудудида фаолиятини тақиқлади.

Бундан олдин Олий суд “халқаро ЛГБТ ҳаракати”ни экстремистик ташкилот деб тан олиш ва Россияда тақиқлаш тўғрисида қарор чиқарди.

Айни пайтда Телеграм каналини экстремистик деб топиш ва уни Россияда тақиқлаш масаласи муҳокамада.

“Бу ерда асосий калит сўз — “сиёсий экстремизм” иборасига эътиборингизни қаратмоқчиман. Бугунги кунда Шимолий Россияда ҳам айнан шу қонун сабаб, кўплаб мухолифат вакиллари, нодавлат тузилмалари, сиёсатчилар, депутат ва блогерлар таъқибга учрамоқда. Ва нафақат улар, балки уларни кузатиб борадиган, постларини шарҳлайдиган ёки бўлишадиган оддий фойдаланувчилар ҳам “жиноятчига” чиқарилмоқда. У ерда бу қонун шундай абсурд даражага етганки, ҳаттоки Мета компанияси (Фейсбук, Инстаграм) ва унга ўхшаш бошқа машҳур хорижий ижтимоий тармоқлар ҳам “экстремист” деб топилиб, улардан фойдаланаётган фуқаролар ҳам жазога тортиляпти”, деб фикр билдиради блогер Темур Малик.

“Қонунда бир қадар ён берилган жиҳатлар ҳам бор. Ўзбекистон ЖК 244 моддаси 1-кисми яъни жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш моддаси бу жиноят кодесидан чиқарилиб маъмурий жавобгарлик кодексига киритилган. Бу ҳам бир томондан қадам, лекин буни айтиш мумкин олдинга бир қадам орқага икки қадам дейиш мумкин. Шунинг учун сиёсий экстремизм тушунчаси ниҳоятда мавҳум. У эртага агар куч ишлатар тизимлар, сиёсий тизим репрессив бўладиган бўлса у ўзгача фикрловчи шахсларни ўзини домига тортиб кетиши мумкин.Қозоғистонда ҳам шунақа хавотирлар бор, афсуски Қозоғистон ҳам мана шу йўлдан кетяпти. Россиянинг репрессив сиёсати минтақага таъсир қиляпти”, - дейди "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева фикрича, асосий муаммо – “экстремизм” тушунчасининг ноаниқлиги ҳамон ҳал этилмаганида.

"Қонун лойиҳасида аниқ таъриф йўқ. Натижада, "экстремизм" тоифасига қуйидагилар кириши хавфи сақланиб қолмоқда:

- тинч маъруза,

- ҳукуматни танқид қилиш?

- журналистик ва блоггерлик фаолияти?

— шунингдек, мухолифат позициясини ифодалашнинг ҳар қандай шакли.

Амалда бу қонунни ўзбошимчалик билан амалга ошириш бўйича мавжуд механизмлар, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг норасмий “қора рўйхатлари” нафақат ўз кучида қолиши, балки мустаҳкамланиши ҳам мумкинлигини англатади.

Қолаверса, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат назоратидан мустақил фаолият юритувчи ҳар қандай жамоат бирлашмаларига босим ўтказиш учун қонуний асослар яратади.

Аслида, бу диссидентларни сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиш доирасини кенгайтиради ва фуқаролик жамияти фаоллари устидан умумий назорат воситаларини кучайтиради.

Шундай қилиб, либераллаштиришнинг айрим элементларига қарамай, экстремизм соҳасидаги қонун ҳужжатларини ўзбошимчалик билан қўллашнинг тизимли хавфи юқорилигича қолмоқда.

Кенгроқ контекстда эса бу чинакам институционал ислоҳотлар, жумладан, ҳукуматни тозалаш ва жавобгарликка тортиш жараёнлари учун майдон кенгаймай, аксинча торайиб бораётганини англатади”, - дейди Атаева.

Мавзуга алоқадор

“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукуматини "экстремизм" атамасига қонунчиликда аниқ таъриф беришга чақириб келади.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ҳануз диний қарашлар ва эътиқоднинг қонуний ифодасини "экстремизм" деб ҳисоблайди. 2021 йили қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунда ҳамон инсон ҳуқуқларини чекловчи ва бузувчи меъёрлар бор.