Олий Мажлис қуйи палатасида иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни кетаётган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабар қилди.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш Конвенциясини бундан буён ҳам амалга ошириш тўғрисидаги фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек ушбу Конвенция нормаларини имплементация қилиш мақсадида ишлаб чиқилгани айтилган хабарда.
"Ушбу қонун лойиҳаси шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашга, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга, экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам беришга, уларнинг оқибатларини бартараф этишга, шунингдек жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга имкон бериши билан аҳамиятли", дейилган хабарда.
Мазкур ҳужжатни маромига етказиш, уни такомиллаштириш юзасидан жамоатчиликнинг таклифларини олиш мақсадида қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси расмий веб-сайтидаги “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилган.