Бойсунда дарёга нефтнинг оқиб кетишига йўл қўйган Eriell компаниясига табиатга етгазган зарари учун 8,5 миллиард сўм жарима чиқариб берилди.
Бу ҳақда билдирган Ўзбекистон экологик назорат инспекциясига кўра, 23 апрель куни Erriel ширкати томонидан қазилган қудуқлардан тахминан 1,2 тонна нефть маҳсулотлари аралаш суюқлик Хонгаронсойга оқиб кетган. Расмийларга кўра, вазият назоратга олинган. Атроф-муҳит ҳимоячилари эса дарёни тозалаш узоқ муддатли чораларни талаб қилишини айтишади.
“Занг канали тўлиб нефт оқяпти десам ишонасизми”, дейди бойсунликлардан бири.
Дарёга тўкилган нефт Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “Хонгаронсой” ҳудудидан оқим бўйлаб Бандихон ва Қумқўрғон туманларига, “Сурхон” дарёсига, шунингдек Жарқўрғон туманидаги “Занг” канали орқали Ангор туманигача етиб борган.
“Сел оқими, кутилмагандаги сел оқими махсус ўраб турилган қудуқларни бузиб ўтиб кетган. Кутилмаганда тошиб кетган. Бир эмас икки марта сел бўлди. Айни пайтда иккинчи келган сел оқибатлари бартараф қилиняпти”, дейди Озодликка гапирган Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев.
Ўзбекистон экологик назорат инспекцияси 1 тоннадан зиёд миқдордаги нефт махсулотларидан иборат суюқлик Eriell томонидан қазилган ҳандақлардан тошганини билдирди. Табиатга етказилган зарар саккиз ярим миллиард сўм деб баҳоланганига қарамасдан маҳаллий фаоллар аслида бу жарима миқдорини дарёдан бир томчи дейишмоқда.
Яна Eriell
Eriell Group — Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқдаги етакчи нефть ва газ компанияларига қурилиш ва бурғулаш (қудуқларни таъмирлаш) бўйича хизмат кўрсатувчи халқаро нефть-газ компаниясидир.
Eriell «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан ҳамкорликда нефть ва газ қазиб олишни кўпайтириш бўйича муҳим лойиҳаларни амалга ошириб келган.
Eriell Озодликнинг қатор суриштирувлари марказида бўлган Кремлга яқин олигарх, “тегилмаслик” иммунитетига эга “қудрат эгаси” Бахтиёр Фозиловга тегишли бўлган.
Мавзуга алоқадор
"Болалар ва кексалар нафас олишга қийналяпти"- Бойсунни яна заҳарли газ қопладиБу ширкатлар Ўзбекистоннинг кон-металлургия, газ ва нефть, туризм, турли ишлаб чиқариш объектлари модернизацияси, айрим йирик бинолар эксплуатацияси каби 228 та лойиҳани қўлга киритган.
Жорий йилнинг январь ойида Бахтиёр Фозиловни "бош пудратчи" сифатида барча энергетика лойиҳаларидан четлатилгани ҳақида хабар қилинди.
2026 йил март ойидаги хабарларга кўра, ҳукумат қарздорликларни ёпиш мақсадида Eriell ва Enter Engineering компанияларининг баъзи офислари ва активларини сотишни режалаштирган.
“Бизга маълумки, Eriell ва Enter Engineering каби компаниялар ўтган йиллар давомида санкциялардан боши чиқмаётган Россия молия гиганти Газпром банки томонидан молиялаштириб келинган.
Бундан келиб чиқадики, менимча, бу бойликнинг катта қисми Ўзбекистон иқтисодини эмас, аксинча Россия иқтисодиётини ривожлантирмоқда. Ўз навбатида бу пуллар Кремль уруш машинасини ишлаб туришига ҳам ҳисса қўшаяпти дейиш мумкин.
Навбатдаги савол эса ушбу компанияларнинг бенефициарлари ким?
Очиқ манбаларда компания эгаси сифатида самарқандлик ишбилармон Бахтиёр Фозилов кўрсатилган.
Изланишларим мобайнида Фозилов генерал полковник Рустам Иноятовнинг ўғлига тегишли компанияга ҳам алоқадорлигига ишора қилувчи маълумотларга дуч келдим.
Бу Иноятовнинг ўғли ва унга яқин одамлар ҳам ушбу компанияларнинг бенефиатсарлари бўлиши мумкинлигини ва талон тарож қилинаётган бойликдан баҳраманд бўляпти, деган хулосани беради. Ҳозирча уларнинг ҳеч бири бу айбловларни на тан олган, на рад этган”, - дейди Алстер университети профессори Кристиан Ласлетт.
Мавзуга алоқадор
Путиннинг бир қўлидан иккинчи қўлига. "Газли" омбори Фозиловга ўтди - Озодлик суриштирувиРасмийларга кўра, ҳолат вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олинган.
Занг дарёсини нефт босган
Жарқўрғон туманидаги “Занг” каналида ва унга туташ ҳудудларда нефть маҳсулотларини ушлаб қолиш учун махсус тўсиқлар ўрнатилиб, сув юзасидаги нефть қатламини механик усулда йиғиб олиш ишлари олиб борилмоқда.
Ифлосланган сувни ажратиш ва зарарсизлантириш учун махсус техникалар жалб этилган.
“Биздаги маълумотларга кўра, ҳозирда Сурхондарёдаги барча қутқарув ва авария ишларида қатнашадиган ташкилотлар жалб қилинган. Фавқулодд вавазиятлар вазирлиги ҳам бор. Айни пайтда айнан экологияга етказилган зарар миқдори оҳиригача етгани йўқ. Бу бўйича қайта ҳисоб-китоб бўлиши мумкин”, дейди Озодликка гапирган Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев.
Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги расмийларига кўра, Сурхондарё вилояти Сув хўжалиги бошқармаси бунга Eriell компаниясига тегишли нефть ҳовузларидан сув тошиши сабаб бўлган.
“Бойсун тумани Кофрун маҳалласидан оқиб ўтувчи Хангаронсой сойининг оқими бўйлаб чап томонида нефть сақланадиган вақтинчалик ҳовузлар бўлган. Ушбу ҳовузлар бурғулаш чоғида ер юзасига чиққан нефть хомашёси сойга оқиб кетишининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг январь-февраль ойларида Eriell Group компанияси томонидан тупроқдан дамба қилиш йўли билан барпо этилган. 23 апрель куни Бойсун туманида рўй берган кучли ёғингарчилик натижасида Хангаронсой сойида сув кўпайиб, вақтинчалик дамбалардан сел-тошқин сувлари тошиб ўтган.
Натижада нефть аралашган сувлар Бандихон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Бандихонсойга, у орқали Қумқўрғон туманидан оқиб ўтувчи Сурхондарё дарёсига қуйилган”, дейилади Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати баёнотида.
Шу куннинг ўзида Кофрун маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Хангаронсой сойидаги бир нечта ҳовуз дамбалари Eriell Group компанияси томонидан тикланиб, сувга нефть оқиб чиқиши тўлиқ бартараф қилинган, дейилади хабарда.
Хабар қилинишича, ёрилиб кетган қувурдан тўкилган нефт дарёни ифлослантирган, балиқлар нобуд бўлган. Расмийлар тозалаш ишларини бошлаб юборди ва сабабни текширишга ваъда берди.
Атроф-муҳит ҳимоячилари дарёни тозалаш узоқ муддатли чораларни талаб қилишини айтишади. Уларга кўра, аҳоли соғлиқ ва ичимлик суви танқислиги билан боғлиқ хавф қаршисида қолган.
Мутахассисларга кўра, бир томчи нефтнинг дарёга томиши экотизимга сезиларли ва узоқ муддатли зарар етказади.
Атиги 1 литр нефт 1 миллион литргача сувни ифлослантириши мумкин.
Нефт сув устида юпқа, зич қатлам ҳосил қилиб, кислород ўтишига тўсқинлик қилади, натижада балиқлар нобуд бўлади ва сувдаги ҳаётга зиён етади.
“Бу сойларда яқин йиллар 20-25 йилликда бунақа сув оққани кузатилмаган. Шу боисдан кутилмаган холат бўлган” дейди Озодликка гапирган Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев.
Сурхондарёнинг Бойсун тумани Кофурун қишлоғи биринчи марта экологик фожеага юз тутаётгани йўқ. 2024 йил сентябр ойида туманида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида техноген фалокат сабабли олтингугурт гази чиқиши кузатилди. Оқибатда атрофга заҳарли газлар тарқалди. Шундан сўнг кон яқинида яшовчи аҳоли эвакуация қилинди.
Кузатувчиларга кўра, Бойсун конидаги фалокат Ўзбек расмийларининг "инсон қўли билан юзага келган офатга мутлақо тайёр эмас"лигини намойиш этган.