Қирғиз ижтимоий тармоқларида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиев судда кўрсатма бераётгани айтилган видео катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Видеонинг қай шароитда тасвирга олингани ва уни ижтимоий тармоқларда ким тарқатгани ҳозирча номаълум. Ички ишлар вазирлиги бу масалага изоҳ бермади.
Бу видео “75чилар мактуби”га алоқадорлик ва давлат тўнтаришига уринишда айбланаётган қирғизистонлик амалдор, сиёсатчиларнинг катта гуруҳи, хусусан Ташиев устидан тинмаётган муҳокамаларни янада кучайтирди. Бу муҳокамаларни ўзбекистонликлар ҳам катта қизиқиш билан кузатмоқда.
Қирғизистонда 15 июн куни Facebook ижтимоий тармоғида “75чилар мактуби”га алоқадорликда айбланган Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиев акс этган видео тарқалди.
11 дақиқалик видеода Ташиев ва яна бир неча шахс, шунингдек унинг тарафдори сифатида тилга олинаётган Нургази Анарқуловнинг сўроқ бераётгани айтилади.
Видеода судда кўрсатма бераётганлар 2005–2010 йиллардаги воқеалар ҳақида гапириб, айрим маълумотлар махфий сақланиши кераклигини таъкидлаган. Жумладан, Кампиробод сув омбори устидан судлов иштирокчилари ҳам тилга олингани кўринади.
Бу видео Қирғизистон жамоатчилиги орасида Ташиев ва ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланаётганлар устидан мунозарани янада кескинлаштирди.
Видео эълон қилинишидан олдин - 15 июн куни Бишкек шаҳридаги Биринчи май туман судида “75чилар мактуби” номи билан танилган жиноий иш бўйича илк очиқ суд мажлиси ўтган.
Унда сўнгги беш йилда мамлакатда юқори лавозимларда ишлаган шахслар айбланувчи сифатида қатнашди. Шунингдек, ушбу иш доирасида ҳибсга олинган беш киши ҳам илк бор жамоатчиликка кўриниш берди.
Судда Жоғорқу Кенеш депутати Элвира Сурабалдиева бошчилигида бир неча гувоҳ сўроқ қилинди ва жараён тортишувлар билан кечди.
Ҳозирча Ташиев кўрингани айтилган видеонинг қандай тасвирга олингани ва ким тарқатгани номаълум. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги бу масала юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.
Айни пайтда, видеода кўринган ёки тилга олинган таниқли сиёсий фигуралар ҳам ҳозирча муносабат билдирмади.
Жоғорқу Кенешнинг собиқ депутати Исҳақ Масалиев шу кунларда тармоқларда тергов материалларининг тарқатилишини қонунбузарлик, деб баҳолади:
“Тергов натижалари ошкор қилинмаслиги керак. Улар судга тақдим этилади. Интернетда эълон қилиш — бу қонунбузарлик. Мен видеонинг бошини кўрдим, лекин у менга ёқмади — бу уят иш. Тергов хонасида видео ким учун ёзиляпти? Ёки терговчи бу ҳақда огоҳлантириши керак. Бу ерда тергов тартиби бузилган”.
Конституциявий суднинг собиқ судьяси Клара Сооронкулова бу иш ортида сиёсий омиллар яширинган, деб таъкидламоқда. Унинг айтишича, видеоларнинг тарқалиши мамлакатдаги бугунги сиёсий жараёнларга таъсир қилиши мумкин:
“Бу ерда гап ҳокимият учун кураш ҳақида кетаётган экан, бу, албатта, сиёсат билан боғлиқ. Айблов моддалари ҳам кўпинча “сиёсий моддалар” деб аталади. Мен буни илгари ҳам айтганман. Мен Ташиевни ҳимоя қилиш учун гапираётганим йўқ, балки ҳуқуқий жиҳатни таъкидлаяпман. “75лар мактуби”ни ўқиб чиқдим, унда ҳокимиятни босиб олишга тайёргарлик аломатларини кўрмадим. Бошқа ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин, бу ҳали бизга маълум эмас”.
Қирғизистонда сўнгги ойларда Камчибек Ташиев билан боғлиқ воқеалар кескинлашди. У 10 феврал куни лавозимидан озод этилган, кейин унга нисбатан жиноий иш очилганди.
Мавзуга алоқадор
Ташиевнинг лавозимдан бўшатилиши. Ўзбекистондаги муҳокамаларИчки ишлар вазирлиги, Ташиев ва яна етти кишига нисбатан “ҳокимиятни босиб олишга уриниш” ва “мансаб ваколатини суистеъмол қилиш” моддалари бўйича иш қўзғатган. Суд жараёни давом этмоқда.
Илгари ёпиқ ўтган суд бу ҳафтадан очиқ тарзда ўтказила бошлади ва бу мамлакатдаги асосий сиёсий воқеалардан бирига айланди.
Аксар жамоатчилик фаоллари ҳануз, Ташиев мамлакат ҳукуматига ёқмаган қандай иш қилган бўлиши мумкин, деган саволларни тармоқларда ўртага ташламоқда.
Юрист Бакит Борошов интернетдаги видеолар жамоатчиликдаги ана шу қизиқишга жавоб сифатида тарқатилган, деб ҳисоблайди:
“Бу ҳолатда манипуляция бор, деб ҳисоблайман. Жамоатчилик ҳам билади — адолатли суд йўқ. Адолатли судларни йўқ қилишда Ташиевнинг ўзи ҳам иштирок этган. Сайлов олдидан очиқ суд талаб қилиш орқали жамоатчилик эътиборини ўзига жалб қилишга уринаётган бўлиши мумкин”.
Қирғизистонлик айрим экспертлар бу ҳолатни ҳокимият ва Ташиев ўртасидаги муносабатлар ёмонлашганининг яна бир далили сифатида баҳоламоқда. Ана айрим таҳлилчилар буни компроматлар кураши деб атаб, яна шундай видеолар пайдо бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг кутилмаганда лавозимдан четлатилиши Ўзбекистонда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган.
Мавзуга алоқадор
«Тандемнинг ўз муддати бор». Садир Жапаровнинг Қамчибек Ташиевни истеъфога чиқариш ҳақидаги қарори ортида нима турибди?Кўп йиллар мухолифатда фаолият юритган Ташиев 2020 йил октябридаги сиёсий инқироз пайтида ҳам фаол иштирок этган ва Жапаровнинг президент бўлишида асосий қўллаб-қувватловчи бўлганди.
Жапаров ҳокимиятга келгач, у Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланди. Уларга нисбатан одамлар орасида "Икки дўст" ибораси кенг қўлланила бошлади.
Шу билан бирга, айрим ўзбекистонлик таҳлилчилар Жапаров–Ташиев тандемининг барқарор эмаслиги ва бир кун келиб бузилиши мумкинлиги ҳақида олдиндан тахмин қилишган.
Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров 2021 йили Телеграмга шундай деб ёзганди:
"Жапаровнинг яккаҳокимлигига яқин орада энди ҳеч бир куч тўсқинлик қила олмайди, шу маънода ҳокимиятни эгаллашдаги шериги Қамчибек Ташиевнинг таъсир кучи секин-аста сўниб боришини прогноз қилиш қийин эмас".
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Мухтор Назиров Vaqt.uz нашридаги мунозарада Қирғизистондаги бу сиёсий жараёнлар олдиндан режалаштирилган бўлиши эҳтимол деган фикрни билдирганди:
“Балки Садир Жапаров Ташиевни муайян янги ролга ўтказаётгандир. Чунки бу жараёнларга тезкорлик билан изоҳ бераётган томон Жапаровнинг ўзи бўляпти. Маълумот учинчи томондан келмаяпти. У ҳокимиятдаги бўлинишларнинг олдини олиш учун деган асосларни келтиряпти. Бу эса бизни “бу қандайдир режалаштирилган қадам” - деган фикрга ундайди”.
Қамчибек Ташиев 2010 йил июн ойидаги Ўш ва Жалолобод воқеаларида тўқнашувларни тўхтатишга қаратилган ташаббусларда ҳам фаол иштирок этган.
Ўша даврда унинг миллийликка таянган сиёсий риторикаси айрим таҳлилчилар томонидан “ультрамиллатчи” деб баҳоланган. Шу билан бирга, баъзи экспертлар Ташиевнинг иштироки можаронинг янада кенгайиб кетишининг олдини олишда муҳим рол ўйнаганини таъкидлайдилар.
7 миллион аҳолига эга Қирғизистон Марказий Осиёда қўшни давлатларга нисбатан сиёсий жараёнлар ўзгарувчан ва нисбатан демократик муҳит мавжуд мамлакатлардан бири сифатида тилга олинади.
Ўзбекистоннинг аввалги раҳбарияти даврида Тошкент ва Бишкек муносабатлари совуқ бўлгани қайд этилган ва таҳлилчилар буни ўртадаги сиёсий фарқлар билан изоҳлар эди.