Қамчибек Ташиев ортидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ўринбосарларидан уч нафари — Курванбек Авазов, Даниэл Рисалиев ва Элизар Сманов ҳам лавозимларини тарк этди.
Махсус хизмат раҳбари вазифасини бажарувчи этиб ГКНБда давлатнинг биринчи шахсларини қўриқлаш учун масъул бўлган 9-хизматни назорат қилиб келган Жумгалбек Шабданбеков тайинланди.
Садир Жапаров матбуот котиби Аскат Алагозов ўз раҳбарининг кадрлар бўйича қарорлари ҳақидаги изоҳида президент «жамиятда, шу жумладан давлат тузилмалари ўртасида бўлинишга йўл қўймаслик» мақсадини кўзлаганини билдирди. Қисқа изоҳда Ташиевнинг номи тилга олинмади.
Қирғизистонлик шарҳловчилар айтишича, таъсирли сиёсатчи Қамчибек Ташиевнинг истеъфоси ҳам кутилган, ҳам кутилмаган қарор бўлди. Кутилгани — сўнгги ойларда икки сиёсатчи ўртасида келишмовчиликлар ҳақидаги миш-мишлар ортиб боргани сабабли. Кутилмагани эса — тандем бирдамликни намоён этишга уринган ва ташқи томондан барқарор кўрингани билан боғлиқ.
Ихтилофлар ҳақидаги тахминлар мутлақо асоссиз эмасди. Яқинда парламентда Ташиевга яқин деб ҳисобланадиган бир гуруҳ депутат авто мактаблар ислоҳотини танқид қилди — ҳукумат хусусий муассасаларни ёпиб, давлат муассасаларининг фаолиятини давом эттиришни таклиф қилган эди. Жогорку Кенеш аъзолари соҳанинг монополлаштирилаётганини ва қарор муаллифларининг узоқни кўра билмаганини таъкидладилар. Жапаров эса жавобан танқид қилган парламент аъзоларини «аҳмоқлар ва халқ душманлари», популизмга берилаётган шахслар деб атади.
Кўп ўтмай Жапаров ва парламент спикери Нурланбек Тургунбек уулу номига 75 нафар собиқ ва амалдаги сиёсатчидан мактуб келиб тушди. Улар жорий йилда муддатидан олдинги президентлик сайловларини ўтказишга чақирди. Сайловлар қачон ўтказилиши кераклиги борасидаги ҳуқуқий баҳслар йил бошида кучайди: Жапаров 2021 йилда лавозимни эгаллаган пайтда амал қилган аввалги Конституцияга кўра президент ваколат муддати қайта сайланиш ҳуқуқисиз олти йилни ташкил этар эди. Аммо ўша йилнинг ўзида қабул қилинган ўзгартирилган Конституцияга мувофиқ президент беш йилга сайланади ва икки муддатгача сайланиш имконияти мавжуд.
Жапаров маъмурияти 75 сиёсатчининг мурожаатига ҳозирча очиқ жавоб бермади.
Сиёсий шарҳловчилар таъкидлашича, авторитар тизим шароитида бундай мактуб юқоридан санкциясиз тўсатдан пайдо бўлиши даргумон.
Бу мактубдан аввал ҳам Ташиев эҳтимол президентликка номзодини қўйиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалган эди. Бу ҳақда хорижда яшовчи журналист-тадқиқотчи Болот Темиров манбаларга таяниб хабар берган. Бишкек суди Темировнинг медиа лойиҳалари ва фаолиятини «экстремистик» деб топган (жараён Темиров ва унинг вакиллари иштирокисиз ўтган, улар қарорга рози эмас. Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари айбловларни «ҳайратланарли» ва «асоссиз» деб атаган).
Ташиевнинг ўзи бу маълумотларни тасдиқламади ҳам, инкор этмади ҳам. Хабарларга кўра, у сўнгги пайтларда Европада даволанмоқда. Истеъфо ҳақидаги хабарга ҳам унинг муносабати йўқ.
Ташиевга яқин манбалар «Озодлик»нинг Қирғиз хизматига истеъфо қарори у учун кутилмаган бўлганини маълум қилди. Журналист ва Ташиев тарафдорларидан бири Мирлан Дуйшонбаев «Азаттык»ка берган интервьюсида генералнинг истеъфоси ҳақидаги хабардан ҳайратга тушганини айтди ва содир бўлаётганларни «хиёнат» деб баҳолади.
Сиёсатшунос Эмилбек Жороев фикрича, «экидос» дуэтини энди унутиши мумкин. Унинг ҳисоблашича, тандем президентлик сайловлари яқинлашиши фонида парчаланди.
«Эрта ёки кеч бу қарор барибир қабул қилинган бўлар эди. Икки дўст ўртасидаги муносабатлар қанчалик мустаҳкам бўлмасин, сиёсатда — айниқса бундай юқори даражадаги сиёсатда — тандемнинг ўз муддати бўлади, одатда у узоқ эмас, қисқа бўлади. Беш йилдан ортиқ мавжуд бўлган тандем — жуда узоқ ва мустаҳкам тандем. Энди барча вариантлар очиқ ва эҳтимолий. Афсуски, дўстлик дўстлик бўлиб қолиши даргумон», — деб ёзди Жороев Facebook’да.
Ташиев махсус хизмат раҳбари лавозимини 2020 йилда эгаллаган. Унинг тайинланиши тўғрисидаги фармонни ўша пайтда президент вазифасини бажараётган ва инқилоб натижасида сиёсий Олимп чўққисига чиққан Жапаров имзолаган эди.
Популистик риторикаси билан танилган сиёсатчи Ташиев бош вазир ўринбосари этиб ҳам тайинланган. Унинг ҳудудларга ташрифлари шов-шувли хатти-ҳаракатлари билан ёдда қолган. Масалан, 2025 йилда у Манас шаҳри мэри ва маҳаллий кенгаш спикерини самарасиз ишлаётганликда айблаб, уларни калтаклаган. Кейинроқ улар «хафа эмасликларини, аксинча миннатдор» эканликларини билдирган. Бундан олдин эса Ташиев хизмат сафари чоғида қўл остидаги ходимнинг телефонини олиб, улоқтириб юборган. Ёзда эса йўлларни асфальтлаш ишлари муддатини бузган пудратчи компания эгасини топиб, «устунга боғлаш» ва овқат бермасликни милицияга топширган.
Баҳсли шахс сифатида баҳоланишига қарамай, 57 ёшли Ташиев Қирғизистонда, айниқса ўзи туғилиб ўсган мамлакат жанубида аксар аҳоли томонидан қўллаб қувватланади.
2024 йилда Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида у сайловларда номзод сифатида иштирок этиш нияти йўқлигини айтган эди.
«Садир Жапаров иккинчи муддатга яна икки марта номзодини қўйиши мумкин. Мен уни қўллаб-қувватлайман», — деган у журналистларга.
Шундан бери бир йилдан ортиқ вақт ўтди ва ҳозир Ташиевда президентлик амбициялари бор-йўқлиги ҳақида бирор нима дейиш қийин.
Жапаров эса сафдошини истеъфога чиқариш қарорини «жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик» истаги билан изоҳлаган бўлса-да, иш куни якунида матбуот котиби орқали «аниқлик киритди». У Қамчибек Ташиевни назарда тутмаганини билдирди. Президент версиясига кўра, матбуот котиби Аскат Алагөзов баёнот берганидек, айрим шахслар «Ташиев номи билан ниқобланиб», депутатлар, жамоат арбоблари ва зиёлилар вакилларига қўнғироқ қилиб, «генерал томонига ўтишга чақирган ва шу орқали жамиятда, жумладан давлат тузилмаларида масъул лавозимларни эгаллаб турган шахслар орасида салбий вазият юзага келишига шароит яратган».
Жапаров собиқ ҳукумат аъзоси Бекболот Талгарбеков ва Ўзбекистондаги собиқ элчи Эмилбек Узақбаев номларини тилга олди. Улар ҳозирча айбловларга муносабат билдиргани йўқ.
Шу билан бирга, Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тузилмасида қайта ташкил этиш ишларини амалга оширмоқда. Қўмита таркибидан Чегара хизмати чиқарилди. Шунингдек, Жапаров Давлат қўриқлаш хизмати қўмита таркибидан чиқарилиб, президентга бўйсундирилиши тўғрисидаги фармонни имзолади.