"Справедливая Россия" (Адолатли Россия) партияси депутатлари мигрантлар уйига жўнатаётган халқаро пул ўтказмаларига 3 фоизлик комиссия жорий этишни кўзловчи қонун лойиҳасини Давлат Думасига киритди.
Ташаббусчиларга кўра, агар бу тартиб қабул қилинса, Россия бюджети ҳар йили қўшимча 45 миллиард рублдан ортиқ (тақрибан 480–530 миллион АҚШ доллари) маблағ олиши мумкин.
2025 йилда Россиядан Ўзбекистонга юборилган жўнатмалар ҳажми 15 миллиард долларга етганди.
"Справедливая Россия" партияси раҳбари Сергей Мироновнинг айтишича, Россияда ишлаётган хорижликлар катта маблағни ўз ватанига ўтказаётган бўлса-да, бу маблағлардан мамлакат бюджетига тушум деярли келмаяпти:
"Мигрантларнинг аксарияти Россияда солиқ тўламайди, бир вақтнинг ўзида катта маблағларни мамлакатдан чиқариб кетади. Бу пуллар Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига хизмат қилмоқда. Аммо Россия бюджета бу жараёндан деярли ҳеч қандай даромад олмаяпти", деди Миронов.
Унинг таъкидлашича, ҳозирги шароитда пул ўтказмаларидан асосан банклар ва тўлов тизимлари ўзлари қўйган комиссия ҳисобидан даромад қиляпти.
Миронов, Россиядан жўнтилаётган трансчегаравий пул ўтказмаларининг асосий улуши мигрантларга тўғри келишини урғуламоқда. 2025 йилда Ўзбекистонга юборилган маблағ ҳажми 15 миллиард долларга етган.
Россия бюджетига ҳар йили қўшимча равишда 45 миллиард рублдан ортиқ маблағ келтириши мумкин бўлган бу лойиҳа ҳозирча муҳокама босқичида.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Аксил-муҳожир, аксил-қочқин ҳукуматлар даври
Ўтган йили Россия Думасидаги "Новые люди" (Янги одамлар) фракцияси ҳам меҳнат муҳожирлари ўз маошидан ортиқ суммадаги пулни чет элга жўнатишини тақиқлашни таклиф қилганди.
Ташаббусчилар 2023 йилда муҳожирлар ўз юртига пул жўнатиш бўйича рекорд ўрнатгани - 18 млрд доллардан ошиқ пул жўнатганидан хавотир билдирган.
Депутатлар, муҳожирлар бу пулнинг катта қисмини норасмий тарзда ишлаб топмоқда ва бунда ҳам улар, ҳам иш берувчилар солиқдан қочмоқда, деган хавотирни илгари сурган.
"Амалдаги қонунчилик меҳнат муҳожирлари томонидан чет элга жўнатилаётган маблағларнинг расмий даромадларига мослигини самарали назорат қилиш механизмларини назарда тутмайди", дея ҳужжатдан иқтибос келтирди ТАСС агентлиги.
Шунингдек, "Справедливая Россия" партияси меҳнат муҳожирлари оила-аъзоларининг Россияга кириши ва яшашини тақиқлашни ҳам таклиф қилган.
Бу фракция киритган қонун лойиҳасига кўра, шу йўл билан ҳукумат миграцион оқимни 15–20 фоизга камайтиради ҳамда ижтимоий инфратузилмага тушаётган юк: таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотга кетадиган бюджет пулини қисқартиришга эришади.
Ҳозирча бу партияларнинг таклифлари қабул қилингани йўқ.
Иқтисодчилар ҳисобича, қарийб 5 йилдирки Украинага босқинини давом эттираётган Россия ҳозир мигрантлар сони ва меҳнати кўламининг камайишига олиб келувчи чораларни қўллашга тайёр эмас.
Иқтисодчилар хавотирича, Россиядаги партиялар таклифи қабул қилиниб, меҳнат муҳожирлари жўнатмаларига солиқ солинса ёхуд жўнатмалар ҳажмига чеклов қўйилса:
- ноқонуний пул ўтказиш каналлари кўпайиши ёки “қўлдан-қўлга”, воситачилар орқали, криптовалюта шаклида пул юборилиши мумкин,
- Россия банк тизимлари даромадини йўқотиши, натижада уларнинг ҳам аҳволи оғирлашиши мумкин,
- меҳнат бозорида ҳам муаммолар пайдо бўлиши мумкин, аввало қурилиш, хизмат кўрсатиш, коммунал сервислар, логистика соҳаларида арзон ишчи кучи озайиши мумкин,
- бу эса яна инфляция ва нархлар ўсишига олиб келиши мумкин.
Айни пайтда, ўзбекистонлик иқтисодчилар, Россиядан пул жўнатмаларининг камайиши Ўзбекистон ва қўшни Марказий Осиё республикалари иқтисодига ҳам сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтиб келади.
Биргина Ўзбекистонга ҳар йили бораётган 15 млрд долларлик пул жўнатмаси, 3 фоизлик чеклов жорий этилган тақдирда, тақрибан 450 млн. АҚШ долларига камайиши мумкин.
Россия ИИВ маълумотига кўра, 2024 йил охирида 1,4 млн, 2025 йилда эса тахминан 1,3 млн ўзбекистонлик Россияда ишлаган.
Бу мигрантларнинг сезиларли қисми Ўзбекистондаги оилаларнинг боқувчиси ҳисобланади ва Россиядан жўнатманинг қисқариши аввало ана шу оилаларнинг аҳволини оғирлаштиради.
Ўзбекистонда хориж валютасидаги пул муомаласи ҳам Россияда юрган миллионлаб меҳнат муҳожири жўнатмасига таяниб қолганини иқтисодчилар йиллардан буён таъкидлаб келади.
Ўзбекистон Марказий Банки 2025 йил январ-март ойларида пул ўтказмалари ҳажми 32 фоизга ошгани ва бунга хорижга мигрантлар оқими ошгани сабаб эканини билдирган.
2024 йилда эса бу сумма 14,8 млрд. долларга етган, бунинг 77 фоизи ёки 11 ярим млрд.и Россиядан жўнатилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ҳиндлар Россияда: иқтисод, миграция ва пропаганда