Германия прокуратураси камида 76 шахс, шу жумладан ўнлаб ўзбекистонлик Европа Иттифоқи давлатларига оид сохта ҳужжатлар билан мамлакатга кирганини гумон қилмоқда.
Германия прокуратурасига кўра, 9 ойдан бери Ўзбекистон фуқаролари номига Шенген визасини фирибгарлик йўли билан расмийлаштириш, сохта ҳужжатлар, жумладан паспортлар тайёрлаш ва сотишда гумон қилинаётган жиноий гуруҳ тергов қилинмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, бу схемани бир неча ЕИ давлати ҳудудида ташкил этишда гумон қилинаётган жиноий гуруҳ таркибида ҳам Ўзбекистон фуқаролари бор. Озодликка маълум бўлишича, камида бир ўзбекистонлик ҳибсга олинган.
Германия Федерал полицияси 1 июль куни Озодлик сўровига жавобан мазкур жиноят иши бўйича кенг кўламли тергов давом этаётганини билдирди.
Тергов доирасида чет элликларни Германияга ноқонуний олиб кириш, уларнинг ноқонуний яшашини ташкил қилиш, визаларни фирибгарлик йўли билан олиш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштиришга оид гумонлар текширилмоқда.
"Тергов тадбирлари халқаро миқёсда фаолият юритгани гумон қилинаётган жиноий гуруҳга нисбатан олиб борилмоқда. Тергов доирасида асосий эътибор Ўзбекистондан бўлган бир неча гумон қилинувчига қаратилган", дейилади Вайден прокуратураси матбуот хизмати хабарида.
Расмий маълумотга кўра, тинтув пайти гумон қилинаётган жиноий гуруҳ етакчиси ҳам аниқланган, аммо унинг шахси ва фуқаролиги очиқланмаётир.
Вайдхаус Федерал полициясининг Озодликка берган маълумотига кўра, бу иш доирасида шу йил майда рейд ўтказилган ва унда ушланган шахслардан бири ҳозирда ҳибсда. Аммо, полиция бу шахснинг фуқаролигини очиқламади.
“2026 йил 21 май куни ўтказилган тинтувлар чоғида Федерал полиция ходимлари тергов билан боғлиқ ҳолда 11 шахсни ушлади. Уларнинг 10 нафари ўша куннинг ўзида озод қилинди. Бир шахсга нисбатан, прокуратура сўровига кўра, судя тергов ҳибсини белгилади”, деди Вайдхаус Федерал полиция бўлими матбуот хизмати вакили Тобиас Пфайффер.
Вайден прокуратураси ва Вайдхаус Федерал полицияси маълумотларига кўра, бу иш доирасида жами икки шахс ҳибсда сақланмоқда.
Булардан бири 2025 йил октябрида ушланган Ўзбекистон фуқаросидир.
Айни пайтда ушбу иш бўйича Ўзбекистоннинг жами қанча фуқароси гумон қилинаётгани, улардан қанчаси ҳибсда сақланаётгани очиқланмади.
Вайдхаус Федерал полиция бўлими матбуот хизмати Озодликка йўллаган жавобида тергов давом этаётгани боис бу иш юзасидан бошқа маълумот тақдим эта олмаслигини маълум қилди.
Аммо, дастлабки терговга тортилган гуруҳнинг жиноий фаолиятига доир айрим тафсилотлар Озодликка тақдим қилинди.
Бу маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқароларига маълум пул эвазига Европа давлатларига қисқа муддатли, жумладан бир-икки ҳафталик Шенген визаларини олишда кўмаклашилган.
Тергов версиясига кўра, бунинг учун элчихоналарга ёлғон маълумотлар тақдим этилган, жумладан, Ўзбекистонга қайтишни тасдиқловчи қалбаки ҳужжатлар кўрсатилган.
Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг Озодликка маълум қилишича, ушбу схема орқали Европанинг турли давлатлари, жумладан Германия, Чехия, Польша ва Болгария томонидан берилган қисқа муддатли Шенген визалари расмийлаштирилган.
Мавзуга алоқадор
Прагада Uber ва Bolt тизимида "солиқдан қочган" ўзбеклар гуруҳи қўлга олиндиВайден прокуратураси маълумотларига кўра, Европага келгач ушбу шахсларга Европа Иттифоқига аъзо давлатларга тегишли қалбаки шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар берилган.
Яъни, бу шахслар қисқа муддатли Шенген визаси билан Европа Иттифоқига қонуний кирган бўлса-да, қалбаки ҳужжатлар билан бу ерда узоқ муддат қолиш ва ишлашни кўзлаган.
Тергов версиясига кўра, бундай шахсларга банк ҳисобварақлари ҳам очилган ва мобил телефон рақамлари расмийлаштирилган.
“Терговнинг ҳозирги босқичига кўра, мазкур жиноий гуруҳ фаолиятига Ўзбекистон фуқаролари учун берилган жами 76 та виза боғланмоқда. Бу шахслар Германияга ишлаш мақсадида келган ёки келишни режалаштирган бўлиши мумкин", дейилади расмий хабарда.
Германия прокуратураси берган маълумотга кўра, ҳозир терговчилар Европа Иттифоқига аъзо турли давлатларга тегишли шахсни тасдиқловчи қалбаки гувоҳнома, паспорт, яшаш учун рухсатнома ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини текширмоқда.
Тергов версиясига кўра, сохта ҳужжатлар қуйидаги нархларда таклиф қилинган:
- қисқа муддатли Шенген визаси расмийлаштириш - 2 000 евро;
- авиачипта - 2 000 евро;
- қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси - 400 евро;
- қалбаки шахсни тасдиқловчи ҳужжат (ID-карта) - 300 евро
Ушбу жиноят ишининг очилишига 2025 йил октябрь ойида Вайдхаус Федерал полицияси томонидан Германия–Чехия чегарасида ўтказилган рейд чоғида қўлга олинган ўзбекистонлик шахс иши асос бўлган.
Вайден прокуратураси матбуот хизматига кўра, бу шахс Прага–Амстердам йўналишидаги автобусда сохта ҳужжатлар билан қўлга олинган:
“Бу эркак амал қилиш муддати тугамаган Ўзбекистон паспортини тақдим этди. Паспортда Чехия томонидан берилган, Шенген ҳудудига бир марта кириш ва саккиз кун бўлиш ҳуқуқини берувчи "С "тоифасидаги Шенген визаси мавжуд эди. Унинг юклари тинтув қилинганда Латвияга тегишли тўртта - қалбакилиги гумон қилинган - ID-карта ҳамда Польша ҳайдовчилик гувоҳномаси топилди. Бу ҳужжатлар бошқа шахслар номига расмийлаштирилганди. Бундан ташқари, терговчилар унинг мобил телефонида Чехия томонидан берилган тўртта Шенген визаси фотосуратини топди".
Бу маълумотлар асосида 2026 йил 21 май куни эрталаб соат 6:00дан бошлаб Германиянинг Ҳессен ва Қуйи Саксония ҳудудида жами еттита объектда полициянинг 220 ходими иштирокида кенг кўламли рейдлар ўтказилган.
Берлинда яшаёган ўзбекистонлик журналист Шоҳруҳ Соипов бу рейдлар мамлакатдаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида хавотир уйғотганини айтади.
"76 ўзбекистонлик билан боғлиқ қалбаки ҳужжатлар хабари чиққанидан кейин Германиядаги ўзбекистонликлар орасида хавотир пайдо бўлди. Аввал Америка Қўшма Штатларига виза олишда ўзбекистонликлар учун қийинлашган бўлса, энди Европа Иттифоқи - Германияга виза олиш қийинлашади, деган хавотир кучайди. Расмий маълумотга кўра, кейинги пайтда Германияга ишчи визаси билан келаётган ўзбекистонликлар сони ошган ва икки давлат ўртасидаги расмий келишувларга асосан ўзаро меҳнат миграцияси кенгайган. Виза фирибгарлиги воқеаси бу жараёнга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деган хавотир кучаймоқда", дейди Шоҳруҳ Соипов.
Июн ойида Чехия полицияси Uber ва Bolt платформалари орқали таксичилик қилган хусусий фирмалар билан боғлиқ йирик солиқ жинояти фош этилганини билдирган эди.
Чехия полицияси, Божхона хизмати ва Солиқ маъмуриятининг қўшма операцияси натижасида ўн шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, айримлари ҳибсга олинди.
Полиция берган маълумотга кўра, уларнинг 8 нафари хорижлик, икки нафари Чехия фуқароси. Чех полицияси қўлга олинган хорижликларнинг қайси давлатдан эканини очиқламади.
Аммо Озодликнинг аниқлашича, ҳибсга олинганларнинг 8 нафари ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлиши мумкин. Булар орасида ўзбекистонлик эр-хотин борлиги, уларнинг 4 фарзанди Прагада қолаётгани маълум бўлди. Тергов давом этаётгани боис, Озодлик қўлга олинганларнинг шахси ва оилавий вазиятига доир бошқа маълумотларни очиқламаётир.
Чех полициясига кўра, бу жиноий гуруҳ 300 миллион крон (тақрибан, 14 миллион 200 минг АҚШ доллари) миқдоридаги маблағни солиқдан яширган бўлиши мумкин.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Прагада Uber ва Bolt орқали ишлаган ўзбеклар жиноий гуруҳи қўлга олинди
Прагадаги ўзбеклар жамоаси айрим вакиллари, аслида Чехия ва Германияда бораётган терговларга жалб қилинган ўзбекистонликлар ўзаро алоқада бўлганига оид тасдиқланмаган маълумотларни Озодликка билдирди. Аммо, икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари бундай маълумотларни ҳозирча тасдиқлагани йўқ.
Озодлик Чехия ва Германияда ўзбекистонликлар алоқадор кўрилаётган кенг кўламли терговлар бўйича суриштирувини давом эттирмоқда.
Яқин кунларда Озодлик журналистлари Германияга сафар қилиб, воқеани жойида ўрганишни режаламоқда. Агар сизда ҳам бу ҳақда маълумотлар бўлса ва суриштирувимизда иштирок этишни истасангиз, Озодлик билан боғланинг!
Телеграмдаги манзилимиз:
@ozodnews
@Mehribon_Ozodlik