Гулнора Каримова иши. Швейцарияда Lombard Odier хусусий банки жаримага тортилди

Гулнора Каримова Ўзбекистон Мустақиллик кунига бағишланган расмий тадбирда қанташмоқда, 31 август, 2012

Швейцария суди Lombard Odier хусусий банкини пул ювишнинг олдини олмаган деб топиб, 3 миллион швейцария франки (тақрибан 3,68 миллион АҚШ доллари) жаримага тортди.

Бу ҳукм билан Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага нисбатан юритилаётган жиноят иши тамоман тугатилди.

Швейцария прокуратураси Каримовани пора олиш ҳамда “Офис” деб номланган жиноий тузилмани бошқаришда айблаган.

Lombard Odier банки жаримага тортилди

Швейцария суди ҳукмига кўра, Каримовага алоқадор кўрилган “Офис” номли тузилма 2005-2013 йиллар оралиғида юзлаб миллион доллар маблағни Швейцариядаги банк ҳисоб рақамларига йўналтирган.

Женевада жойлашган Lombard Odier банки ва унинг собиқ ходимларидан бири эса жиноий фаолиятдан олинган бу маблағларни яширишга кўмаклашган, деб топилди.

“Швейцария Федерал жиноят судининг Жиноят ишлари бўйича коллегияси Гулнора Каримова ва яна бир айбланувчи В.га нисбатан иш юритишни суд жараёнини давом эттиришга доимий тўсқинлик қилувчи процессуал ҳолатлар мавжудлиги сабабли тугатди. Lombard Odier банкининг собиқ ҳисоб-рақамлар бошқарувчиси С. оғирлаштирувчи ҳолатларда пул ювиш жиноятида айбдор деб топилиб, 24 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Мазкур жазони ижро этиш тўлиқ шартли тарзда қолдирилди”, дейилади Швейцария Федерал жиноят судининг 27 июль кунги ҳукмида.

Суд ҳукмида айтилишича, Lombard Odier банки пул ювишнинг олдини олиш учун “оқилона ва зарур бўлган барча ташкилий чораларни кўрмагани” учун жаримага тортилган.

Шунингдек, суд 400 миллион франкдан ортиқ (тахминан 491 миллион доллар) активларни мусодара қилишга қарор қилди:

“Жиноят ишлари бўйича коллегия Швейцария ҳудудида жойлашган, пул ювиш жинояти натижасида олинган ёки “Офис” деб аталган тузилма назорати остида бўлган 400 миллион швейцария франкидан ортиқ активларни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди”.

Суд мажлиси шу йил апрелда бошланган эди.

Мавзуга алоқадор

"Бошландию битди". Швейцария суди Каримовага нисбатан жиноят ишини тўхтатди

Каримова иши тўлиқ тугатилди

27 июл кунги ҳукм билан Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага нисбатан юритилаётган жиноий иш тамоман тугатилди.

Суднинг маълум қилишича, Каримовага қарши иш тугатилган, чунки даъво муддати тугашидан олдин уни Швейцарияга озод қилиш ёки экстрадиция қилиш имконияти мавжуд эмас.

2011 йил июлидан олдинги даврга тааллуқли айбловлар эса даъво муддати тугагани сабабли рад этилгани айтилди.

Lombard Odier душанба куни тарқатган баёнотида бу иш 2012 йилда банкнинг ўзи шубҳали ҳолатлар ҳақида Швейцария ҳукуматига ихтиёрий равишда хабар берганидан кейин бошланганини таъкидлади.

Банк ўша вақтда самарали ички назорат ва пул ювишнинг олдини олиш механизмлари мавжуд бўлганини таъкидлаб, суд ҳукми устидан шикоят қилишини маълум қилди.

Мавзуга алоқадор

"Гулноранинг пуллари камбағалларга берилсин". Фаоллар хориждаги пулларни тўлиқ қайтаришга чақирмоқда

Швейцариядаги “офис”

2012 йилда Швейцария прокуратураси Каримовага боғлиқ активлардан 800 миллион швейцария франки (тахминан 900 миллион доллар) атрофидаги маблағни музлатган эди.

Швейцария тергов идоралари, Гулнора Каримова “Office” деб аталувчи кенг қамровли тармоқни ташкил этгани ҳамда бу тармоқ Ўзбекистон бозорига киришни истаган телекоммуникация компанияларидан пора талаб қилганини даъво қилган.

Мавзуга алоқадор

"Шубҳали мижозлар". Швейцария банки Тиллаевларнинг ҳисоб рақами ҳақида огоҳлантирилган - OCCRP

Lombard Odier хусусий банки собиқ банкири эса 2008–2012 йиллар орасида “Office” билан боғлиқ шахслар учун банк алоқаларини очган ва бошқарганлик, шу орқали маблағларнинг келиб чиқишини яширишга имкон яратишда айбланиб, терговга тортилгани хабар қилинган эди.

Швейцария матбуоти бу ишни мамлакат тарихида илк бор Федерал жиноят суди терговчилари тингловлар ўтказиш учун хорижга чиққан иш, дея баҳоламоқда.

Бу иш доирасида Швейцария Бош прокуратураси 2026 йил бошида Тошкентда Каримовани иккинчи бор сўроқ қилганини ҳам мамлакатдаги нашрларда хабар қилинган.

Марҳум Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи - 54 ёшли Гулнора Каримова ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб келади.

Каримова 2014 йилнинг февралида Ўзбекистонда қўлга олинган. Унга нисбатан 2015 йили 5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

2024 йил охирида унинг Тошкентдаги аёллар қамоқхонасидан манзил колонияга ўтказилгани хабар қилинган, аммо расман тасдиқланмаган.

Ўзбекистон Олий суди, 2020 йил мартда Гулнора Каримова "давлат маблағларини ўзлаштириш ва Ўзбекистон манфаатларига зид битимлар тузиш, шунингдек, ўта йирик миқдорда товламачилик йўли билан бировнинг мулкини тортиб олиш" каби айбловлар билан яна 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилганини маълум қилганди.

"1,4 миллиард долларлик" иш

Гулнора Каримовага боғланган жиноят иши тергови доирасида Франция, АҚШ ҳамда Латвия каби мамлакатларда мусодара қилинган активларнинг умумий қиймати эса тақрибан 1,4 миллиард доллар, деб баҳоланган.

Жумладан, АҚШнинг Нью-Йорк жанубий ҳудуди бўйича прокурори 2019 йил мартида Гулнора Каримовага нисбатан расман айблов эълон қилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Гулнора Каримова билан тугамайдиган коррупция ва “янги Гугуша”лар

АҚШ томони уни қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали акциялари АҚШ биржасида сотувга қўйилган уч йирик халқаро телеком ширкати – TeliaSonera, VimpelCom ва МTCдан жами 865 миллион доллар пора олганликда айбланган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳисобича, Каримова давлат ва одамларга “1 триллион 270 миллиард 200 миллион сўм, 1 миллиард 651,8 миллион АҚШ доллари, 26,1 миллион евро” миқдорида зарар келтирган.

Қайтарилган активлар

Швейцария ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги келишув асосида бу пулларни қайтариш бошланган.

2022 йил август ойида Берн шаҳрида 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишув имзоланган эди. 2025 йил 6 февралида эса Тошкентда яна 182 миллион АҚШ долларни Ўзбекистонга қайтариш тўғрисидаги келишув имзоланган.

Келишувга мувофиқ, қайтарилган пуллар БМТ иштирокида ташкил этилган “Uzbekistan Vision 2030” номли ишонч жамғармасига тушади, сўнгра ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларга йўналтирилади.

2023 йил сентябрда "Uzbekistan Vision 2030" жамғарма раҳбарияти Ўзбекистонда оналар ва янги туғилган чақалоқлар ўлимини камайтиришга қаратилган БМТ дастури учун Гулноранинг қайтарилган активларидан 43,5 миллион долларини ажратганини билдирган эди.

Аммо, жамоатчилик фаоллари, жумладан Uzbek Forum for Human Rights ва бошқа халқаро ташкилотлар 2025 йилда эълон қилган таҳлилларда бу маблағни тақсимлаш ва сарфлаш жараёни очиқ эмас, деб танқид қилган.

Бундан ташқари, Transparency International France, Sherpa ва бошқа халқаро ташкилотлар Франциядан қайтарилган Каримова активлари бўйича музокаралар ҳам етарлича ошкора ўтмаганини танқид қилган.

Ўзбекистонда эса фуқаролик жамияти ва фаоллар маблағларни бошқариш жараёни ёпиқлигини танқид қилади, шунингдек маблағлар айтилган манзилга етиши учун кучлироқ жамоатчилик мониторинги зарурлигини айтиб келади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OZODNEWS: Швейцария суди Гулнора Каримова ишини тўхтатди | Украинага босқин