28 апрель куни Швейцария Федерал жиноят суди марҳум президент Ислом Каримовнинг қизи - Гулнора Каримовага нисбатан пул ювишга оид қатор айбловлар билан очилган жиноят ишини юритишни тўхтатди.
Reuters агентлигининг хабар қилишича, суд Каримованинг Ўзбекистонда қамоқда экани ва судда шахсан қатнашолмаслиги, шунингдек даъво муддати яқинлашгани сабаб ишни давом эттириш имконсиз, деган хулосага келган.
Адвокатлари эса, Каримованинг Ўзбекистондаги жазо муддати 2028 йилда тугаши, унгача бу жиноят ишининг Швейцариядаги муддати ҳам битишини таъкидлаб, бу қарорни "оқловга тенг" деб баҳоламоқда.
Ўзбекистонда Гулнора Каримова 2014 йилда ҳибсга олинган ва қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб, 13 йилдан кўпроққа берилган қамоқ жазосини ўтамоқда. 2024 йил охирида унинг Тошкентдаги аёллар қамоқхонасидан манзил колонияга ўтказилгани хабар қилинган.
Беллинцона шаҳридаги Швейцария Федерал жиноят суди судясининг SRF (Schweizer Radio und Fernsehen) давлат телевидениесига айтишича, судьялар айбланувчининг Швейцарияга келишини таъминлаш учун барча имкониятини ишга солган.
Жумладан, 2024 йилнинг августда суд вакиллари Ўзбекистонга бориб, бу масалада Олий суд билан учрашган. Аммо, бу музокаралар натижа бермаган ва 2026 йилнинг январида Ўзбекистон суди тегишли сўровни узил-кесил рад этган.
Шу боис, Федерал жиноят суди судялари 27 апрель куни эшитувлари бошланган иш доирасида Каримовага нисбатан ишни тугатишга қарор қилган.
Швейцарияда Каримовага нисбатан илгари сурилган айбловлар бўйича даъво муддати 2028 йилда тугаши кутилмоқда. Бу иш, асосан, 2008–2012 йиллар оралиғидаги молиявий операцияларни қамраб олганди.
Адвокати Грегуар Манженинг Reuters агентлигига айтишича, Каримова ўзига нисбатан илгари сурилган — пора олганлик ва "Office" деб аталган жиноий тузилмани бошқарганлик ҳақидаги барча айбловларни рад этиб келади.
“Бугун Швейцария Федерал жиноят суди томонидан мижозимиз Гулнора Каримова фойдасига қабул қилинган қарор Швейцария қонунчилигига кўра оқлов ҳукмига тенг”, — дея қўшимча қилди адвокат Reuters агентлигига.
Швейцария прокурорлари айбловида, Каримованинг 2005–2013 йиллар оралиғида юзлаб миллион доллар маблағни Швейцария банк ҳисобларига ўтказгани иддао қилинган.
Швейцария матбуотига кўра, 15 йилдан ортиққа чўзилган тергов ва халқаро миқёсда коррупцион жанжалидан иборат бу ишга дунё миқёсида катта нуфузга эга бўлган қатор йирик банклар ҳам тортилган.
Жумладан молия соҳасида етакчи finews.com сайтининг Швейцария тергов идораларига таяниб ёзишича, Гулнора Каримова “Office” деб аталувчи кенг қамровли тармоқни ташкил этган ҳамда бу тармоқ Ўзбекистон бозорига киришни истаган телекоммуникация компанияларидан пора талаб қилгани даъво қилинади:
“2012 йилда Бош прокуратура Каримова ва унинг бизнес шеригига нисбатан жиноят иши қўзғатди. Улар коррупция, жиноий ташкилотда иштирок этиш ва пул ювишда айбланмоқда. 2015 йилда Женевадаги Lombard Odier хусусий банкининг собиқ банкири терговга тортилди. У 2008–2012 йиллар орасида “Office” билан боғлиқ шахслар учун банк алоқаларини очган ва бошқарганлик, шу орқали маблағларнинг келиб чиқишини яширишга имкон яратишда айбланмоқда”.
Lombard Odier банки ўз ходимининг эҳтимолий қонунбузарлиги олдини олиш учун зарур чора кўрганми, яъни корпоратив жавобгарлик борми-йўқми - шу жиҳатдан тергов қилиниши айтилган.
“Швейцариядаги суд асосан Lombard Odier банкининг ролига қаратилган бўлади. Аслида, Гулнора Каримова ва унга яқин шахсларнинг активларининг асосий қисми шу банкда сақланган. Банк пул ювишда иштирок этганликда айбланмаяпти, лекин танқид қилинган — чунки 2008 йилдан бошлаб банк бу транзакциялар қонунийлигини етарлича текширмаган. Каримованинг ўзи ваактивлари бўйича иш ҳозир қай ҳолатда эканини айтиш қийин. Бу тергов қанчалик олға силжиганига боғлиқ”, дейди ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.
Бу иш диорасида Lombard Odier банкидан ташқари, Швейцариядаги Banque Pictet & Cie, Credit Suisse ва Bank J. Safra Sarasin каби банкларга чора кўрилган.
Швейцария матбуоти бу ишни мамлакат тарихида илк бор Федерал жиноят суди терговчилари тингловлар ўтказиш учун хорижга чиққан иш, дея баҳоламоқда.
Аввалига 2 алоҳида йўналишда давом этган тергов 2025 йил майида бирлаштирилган, Бош прокуратура эса 2026 йил бошида Тошкентда Каримовани иккинчи бор сўроқ қилгани ҳам хабар қилинган.
Каримованинг ўзи 2014 йилнинг февралида қўлга олинган эди. Унга нисбатан 2015 йили 5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган, 2019 йилда эса у колонияга ўтказилгани расман айтилди.
Аммо, 2020 йил мартда у "давлат маблағларини ўзлаштириш ва Ўзбекистон манфаатларига зид битимлар тузиш, шунингдек, ўта йирик миқдорда товламачилик йўли билан бировнинг мулкини тортиб олиш" каби айбловлар билан яна 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилган.
2024 йил охирида унинг Тошкентдаги аёллар қамоқхонасидан манзил колонияга ўтказилгани хабар қилинган, аммо расман тасдиқланмаган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳисобича, Каримова давлат ва одамларга 1 триллион 270 миллиард 200 миллион сўм, 1 миллиард 651,8 миллион АҚШ доллари, 26,1 миллион евро миқдорида зарар келтирган.
Гулнора Каримова Европа ва АҚШдаги қатор халқаро жиноят ишлари ва суриштирувларнинг ҳам асосий фигуранти саналади.
Швейцариядан ташқари, АҚШ Адлия вазирлиги ҳузуридаги прокуратура идорасининг Нью-Йорк жанубий ҳудуди бўйича прокурори ҳам 2019 йил мартида Гулнора Каримовага нисбатан расман айблов эълон қилган.
АҚШ томони уни қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали акциялари АҚШ биржасида сотувга қўйилган уч йирик халқаро телеком ширкати – TeliaSonera, VimpelCom ва МTCдан жами 865 миллион доллар пора олганликда айбланган эди.
Хориждаги суриштирувлар ортидан Гулнора Каримованинг Швейцария банкларидаги бир миллиард долларга яқин маблағи музлатилган. 2015 йилнинг апрелида Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган пулларидан 67 миллион доллари Ўзбекистонга қайтарилгани, бу пулларни сарфлаш жараёнини назорат қилиш учун БМТ шафелигида «Ишонч» жамғармаси тузилгани айтилган. Жамғармага Йонас Аструп раҳбар қилиб тайинланган.
Расмий маълумотларга кўра, қайтарилган пулларнинг асосий қисми Ўзбекистонда таълим ва тиббиёт соҳаси, хусусан, оналар ва гўдаклар ўлимини камайтиришга йўналтирилади.
“Биринчи транш Гулнора Каримованинг ўзи билан суддан ташқари келишув орқали мусодара қилинган — у эркинликка чиқиш умиди билан розилик берган. Иккинчи транш ҳам шунга ўхшаш тарзда мусодара қилинган. Аммо, қолган сумма масаласида муаммо туғилган: у озод қилинмаса ва активларининг бир қисми қайтарилмаса, келишувга рози бўлмаслигини билдирган. Бунга эса Швейцария адлияси рози бўла олмайди. Шу боис ҳуқуқий тўсиқ юзага келганди", дейди Илҳомов.
Ўз вақтида Гулнора Каримова иши доирасида ўзбекистонлик юқори лавозимли мулозим - ўша кезда “Ўзбектелеком” давлат ташкилоти раҳбари, ҳозир эса Бош вазир бўлган Абдулла Арипов номи ҳам тилга олинган эди.
Каримова адвокатлари жиноий тергов даврида уни Ўзбекистон телекоммуникация соҳаси учун масъул расмий эмас, балки оддий тадбиркор сифатида кўрсатишга уринган.
Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун пора берилгани иддао қилинган TeliaSonera иши бўйича терговни олиб борган Швеция прокуратураси вакили Гуннар Стетлер Ozodlikка берган изоҳида:
“TeliaSonera бўйича тергов билан боғлиқ жараён Абдулла Арипов раҳбарлик қилган даврни ҳам қамраб олади. Унинг имзоси ушбу ишга оид кўплаб ҳужжатларда учрайди”, — деган эди.
Бироқ Стетлер Ариповнинг терговдаги процессуал мақоми ҳақида изоҳ бермаган.
Арипов 2002 йил майидан 2009 йил октябригача Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги раҳбари, 2009 йилдан 2012 йилгача эса Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган. Коррупцияга оид жанжаллар фонида у 2012 йилда лавозимларидан озод этилган.
2012 йилда айрим нашрлар, жумладан Узметроном, ишончли манбаларга таяниб Ариповга нисбатан айблов қўйилгани ҳақида хабар берган, бироқ 2013 йилга келиб бу иш тўхтатилгани айтилган. Бу маълумотлар ҳеч қачон расман тасдиқланмаган.
Ҳозирга қадар ҳам Ариповга нисбатан илгари сурилган иддаолар давлат терговларида кўриб чиқилгани ёки чиқилмагани ҳақида аниқ расмий маълумот мавжуд эмас.
Арипов 2016 йилда Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг ҳукуматга қайта қайтди ва шу пайтдан буён Ўзбекистон Бош вазири лавозимини эгаллаб келмоқда. 2021 йилда у Мирзиёев томонидан “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
Форум