Ўзбекистон қонунчилиги йиллар давомида мамлакатдаги диндор қатламнинг қўлига кишан солиб келган “диний экстремизм” тушунчасидан воз кечмоқда.
Бундан ташқари, экстремизм билан боғлиқ жазоларни енгиллаштириш, жумаладан биринчи жазо сифатида жарима солиш амалиёти йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистон Сенатида берилган баёнотга кўра, бундай ўзгартишларни назарда тутган ва Қонунчилик палатаси маъқуллаган лойиҳани сенаторлар ҳам қабул қилган.
8 август кунги йиғилишда сенаторлар маъқуллаган янги лойиҳа Ўзбекистон қонунчилигида “диний экстремизм” ҳамда бунинг учун белгиланган жазо чораларини ўзгартиришни кўзда тутади.
Ўзбекистон жиноят қонунчилигида марҳум Ислом Каримов бошқаруви даврида энг кўп қўлланган оғир айбловлардан бири айнан Жиноят кодексининг 244-моддасида назарда тутилган “диний экстремизм” тушунчаси бўлиб келди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳоновнинг айтишича, эндиликда қонунчиликда “диний” сўзи олиб ташланиб, “экстремизм” тушунчаси сақлаб қолинади.
Бурҳоновнинг маълум қилишича, қонунчиликка киритиладиган ўзгартиш Жиноят кодексининг 244-моддасида кўзда тутилган экстремизм, сепаратизм ёки фундаментализм ғоялари йўғрилган материалларни тайёрлаш, тарқатиш, сақлаш учун - биринчи марта маъмурий жазо, такрорланган ҳолдагина жиноий жавобгарлик беришни ҳам кўзлайди.
Шу пайтгача бу модда билан айблов эълон қилинган фуқаролар 15 йилгача қамоқ жазосини олган, аксари жазони ўтаркан, уни енгиллатиш имкониятидан ҳам маҳрум қилинган эди.
Қонунда, шунингдек, жамоат хавфсизлиги ва тартибига хавф солувчи материалларни сақлаш, тарқатиш учун ҳам - агар айбланган шахс бошқа жиноят қилмаган бўлса - жиноий жавобгарликни бекор қилиш кўзда тутилмоқда.
Мавзуга алоқадор
Ўзбекистонда экстремистик жиноятлар рўйхати кенгайтириладиЖиноят кодексининг шу пайтгача, асосан, диндорларга нисбатан кенг қўлланган 244−2-моддаси - экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ва бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, уларга раҳбарлик қилиш ва уларнинг фаолиятида иштирок этиш учун жавобгарлик ҳам қайта кўриб чиқилаётгани айтилди.
Яъни тақиқланган ташкилот ишида қатнашганлик учун енгил, унга раҳбарлик учун оғирроқ жазо қўллаш режаланмоқда.
Айни пайтда, мамлакат қонунчилигига “экстремизм”га оид 8 та аниқ тушунча киритиш ва шу билан бу тушунчанинг судлар томонидан турли талқин қилинишига барҳам бериш ҳам кўзланмоқда.
Мавзуга алоқадор
Нашида учун яна бир қамоқ. Беш йилШунингдек, Экстремизмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича давлат дастурини ишлаб чиқиш ва Интернетда экстремистик ғоялар тарқалиши олдини олишга кўпроқ эътибор қаратилиши ҳам айтилди.
"Масалан, экстремизмнинг диний асосга эга бўлмаган шакллари ҳам мавжуд. Миллатчилик асосидаги экстремизм, айрим олимлар ҳатто маданий экстремизм тушунчасини ҳам алоҳида ажратиб кўрсатади. Шу боис, қонунчилигимизда экстремизм қайси шаклда намоён бўлишидан қатъи назар тақиқланган эди. Бироқ жиноий жавобгарлик фақат диний экстремизм учун белгиланганди. Шунинг учун экстремизм учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонун нормаларидан "диний" деган аниқловчининг чиқариб ташланиши, аслида, бир нечта қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Буни ижобий ёндашув деб баҳолаш мумкин. Аммо амалиёт бошқа масала. Қонун нормаларининг амалда қандай қўлланилиши алоҳида муҳокама талаб қилади. Чунки бугунги кунда айнан ҳуқуқни қўллаш амалиёти кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда", дейди ўзбекистонлик юрист Муҳсинжон Мадаминов.
Ўзбекистонда ЖКнинг 244, 244-1 ва 244-2-моддалари бўйича жами неча киши айбланган ёки судлангани ҳақида очиқ ва тўлиқ расмий статистика мавжуд эмас.
Бироқ ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари баҳоларига кўра, йиллар давомида бу моддалар билан минглаб фуқаро жавобгарликка тортилган.
"244¹-модда Ўзбекистонда жорий қилинганига 28 йил бўлди, лекин шу кунгача Ўзбекистон Республикаси Олий суди мазкур моддани қўллаш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётини умумлаштириб, бу ҳақда алоҳида пленум қарори қабул қилмаган. Натижада мазкур нормани қўллашда турлича ёндашувлар мавжуд. Тарқатиш бор, ахборот алмашиш бор. Масалан, мен бир дўстимга шахсий ёзишма орқали диний материал юборсам, амалиётда буни хоҳласа тарқатиш деб талқин қилади, хоҳласа шахсий ёзишма деб баҳолаб, жиноий жавобгарликка тортмайди. Чунки “тарқатиш” тушунчасига аниқ таъриф берилмаган. Бундан ташқари, аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришга қаратилган материаллар деганда нимани тушуниш керак? Қайси материаллар шу тоифага кириши ҳақида қонунчиликда аниқ мезонлар мавжуд эмас", дейди Мадаминов.
Юристга кўра, аксар ҳолларда бу моддаларнинг нотўғри қўлланиши айнан унинг “диний экстремизм” шаклида қонунчиликка киритилганида бўлган.
Бундай хулосани йиллардан буён Ўзбекистонда диний эркинликлар аҳволини кузатиб келган “Форум 18” гуруҳи вакили Феликс Корли ҳам тилга олади:
"БМТнинг собиқ махсус маърузачиси 2020 йилги ҳисоботида шундай деб ёзган: “Сиёсий, диний ёки бошқа ҳар қандай мақсадларни тинч йўл билан илгари суриш, ҳатто бу мақсадлар ҳукумат мақсадларидан фарқ қилса ва экстремистик деб баҳоланса ҳам, ҳимоя қилиниши лозим”. Шунинг учун ҳукумат экстремизм, деб атайдиган ҳар қандай ташаббусга баҳо беришда жуда эҳтиёткор бўлишимиз керак. Агар одамлар зўравонлик ҳаракатларини содир этаётган бўлса ёки шундай ҳаракатларга чақириқ қилса, улар фикрлари учун эмас, балки амалга оширган ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши керак. Акс ҳолда, бу “фикр жинояти” деган тушунчани юзага келтириши мумкин. Президент ҳали имзоламаган, аммо парламентдан ўтган ушбу қонунни баҳолашда яна бир муҳим жиҳатни ёдда тутиш керак. Бу қонунни амалда ҳозирги қонунларни қўллаб келаётган айни шу идоралар ва мансабдор шахслар ижро этади".
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1 ва 244-2-моддалари йиллар давомида халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эътиборида бўлди.
Халқаро ташкилотлар ҳисоботларида бу моддалар нафақат терроризм ва зўравон экстремизмга қарши кураш, балки айрим ҳолатларда диний эркинлик ва фуқаролик ҳуқуқларини чеклаш хавфини туғдирувчи нормалар сифатида ҳам баҳоланди.
Жумладан, нуфузли АҚШ Халқаро диний эркинликлари комиссияси (USCIRF) 2021 йилги махсус ҳисоботида Ўзбекистондаги вазиятга шундай баҳо берган:
"Ўзбекистон ҳукумати расман тасдиқланган диний амалиётларга мос келмайдиган ёки экстремист, деб ҳисобланган юзлаб мусулмонларни қамашда давом этмоқда. Тахминан 13,500 нафар диний ва сиёсий маҳбус мавжуд бўлган бир шароитда Ўзбекистон ҳукумати диний эркинликнинг жиддий бузилишларига йўл қўйишда давом этмоқда".
Комиссиясининг 2026 йилги ҳисоботига кўра, экстремизмга оид бу нормалар ҳануз қўлланилмоқда:
"Ҳокимият идоралари дин ёки эътиқод эркинлигини чеклаш учун чекловчи қонунчиликдан фойдаланишда давом этди".
Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам Ўзбекистоннинг жиноят қонунчилигида “диний экстремизм” ҳуқуқий нормаси ва амалиётини кўп бор танқид қилган.
Ташкилот 2021 йилда эълон қилган баёнотида мамлакат қонунчилигидаги айрим нормалар инсон ҳуқуқлари халқаро стандартларига зид деб баҳолаганди:
“Янги Жиноят кодекси халқаро инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги шартномалар талабларига тўлиқ мувофиқлашишни чин дилдан ва виждонан мақсад қилиши лозим. Бундай халқаро ҳуқуққа зид нормалар сўз эркинлиги, фикр эркинлиги ва дин эркинлигига ҳурмат тамойиллари билан мувофиқ келмагани учун бекор қилиниши лозим”.
Мирзиёев эълон қилган ҳуқуқий ислоҳотлар сирасида қонунчиликнинг бу қисмини ҳам ўзгартиришга қатор чақириқлар бўлган.
Айни пайтда халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ЖКнинг 244, 244-1, 244-2 моддалари қўлланишига асос қилиб олинган - мамлакатда тақиқланган диний экстремистик ва террористик адабиётларни аниқлаш ҳамда уларга қарши курашиш амалиётини ҳам танқид қилади.
" Каримов даврида бу модда ҳам жуда қаттиқ қўлланилган. Одамлар шунчаки йиғилиб, мавлуд ўтказгани ёки диний мавзуда суҳбатлашгани учун ҳам мазкур модда билан жавобгарликка тортилиши мумкин эди. Мирзиёев даврида бу ёндашув маълум даражада юмшади. Энди жавобгарлик асосан Олий суд тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритган ташкилотларда бевосита иштирок этган шахсларга нисбатан қўлланади. Лекин бу ерда ҳам пленум қарори йўқлиги амалиётда турли қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Масалан, “иштирок этиш” деганда нимани тушуниш кераклиги аниқ белгиланмаган. Ҳолбуки, ҳар қандай ташкилотга аъзо бўлишнинг ўз тартиб-қоидалари бўлади: ариза бериш, мажбурият олиш ёки маълум қабул жараёнларидан ўтиш талаб этилади. Шунга қарамай, баъзан шунчаки бир гуруҳ бўлиб бирлашган ёки хайрихоҳлик билдирган шахслар ҳам номи аниқланмаган экстремистик ташкилот аъзоси сифатида баҳоланиб, жавобгарликка тортилади", дейди юрист Муҳсинжон Мадаминов.
Ўзбекистон Олий суди доимий равишда мамлакатда тақиқланган диний экстремистик ва террористик контентлар рўйхатини янгилади.
Суднинг июль ойида эълон қилган сўнгги рўйхатига кўра, тақиқланган адабиётлар ва контент асосан Интернетда кузатилмоқда.
Энг кўп аниқланган платформалар — Telegram (886), Instagram (405) ва Facebook (276) бўлиб қолмоқда.
Бундан ташқари китоб, маъруза, қўшиқ ва матн кўринишидаги яна 20 та манба ҳам рўйхатга тиркалган.
“Форум 18” ёритган сўнгги ишлардан бири самарқандлик шиа мусулмони Сунатилла Акбаровга тегишли. У жорий йилнинг июнь ойида шиа мусулмонларига оид масалалар муҳокама қилинадиган Telegram канали юритгани учун ҳибсга олинган. Самарқандлик яна бир шиа мусулмони Анвар Алиев ҳам Telegram канали юритгани учун шартли равишда тўрт йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган. Масалан, ўтган йили Мубашшир Аҳмад номи билан танилган Алишер Турсунов ҳам интернетда диний материалларни жойлаштиргани учун икки 2 йил 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Президент янги қонунни имзолаган тақдирда, бу ҳолатларга барҳам бериладими-йўқми, ҳозирча билмаймиз. Аммо айнан шу идоралар янги қонунни ҳам ижро этишини ҳисобга олсак, бундай амалиётнинг давом этиши эҳтимоли катта”, дейди Феликс Корли.
Ўзбекистон ҳукумати эса йиллардан буён халқаро ҳуқуқ стандартларига зид келаётган бу амалиётини мамлакат фуқаролари учун диний экстремизм ва терроризм хавфи катта, деган важ билан оқлашга уринади.
Яъни расмийларга кўра, радикал гуруҳларнинг интернетдаги фаоллиги, Афғонистон билан боғлиқ хавф-хатарлар ва чет элда радикаллашган фуқаролар муаммоси кескинлигича қолмоқда.
Бундай хавотирларга ишорат берувчи баёнот Сенатнинг 8 август кунги йиғинида ҳам тилга олинди.
Айрим экспертлар фикрича, Ўзбекистон учун терроризм хавфи бор. Афғонистондаги вазият, халқаро жиҳодчи тармоқлар ва интернет орқали радикаллашув хавфсизлик идоралари учун реал муаммо бўлиб қолмоқда.
Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари терроризмга қарши кураш баҳонасида тинч диний фаолиятни жиноийлаштириш ёки экстремизм тушунчасини ҳаддан ташқари кенг талқин қилиш ҳам ҳуқуқ ва эркинликлар учун алоҳида хавф туғдириши, кескин оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқдалар.