Сўнгги йилларда шундай айблов билан бир нечта одам қамалган бўлса-да, нашида учун жиноий жавобгарликка тортилганларнинг сони ҳақида очиқ маълумотлар мавжуд эмас.
Расмийлар бундай чораларни диний радикализмнинг олдини олиш деб тушунтирадилар.
"Нега ёшларга аввал огоҳлантириш берилмай, дарров қамаб қўйишяпти?"
Андижон вилояти, Асака туманига қарашли Пахтачи қишлоғида яшовчи 46 ёшли Ойбек Махсимов ўғли Асадбек Миромиддинов диний экстремизм айби билан қамалганини айтади. Унга кўра, ўғлини беш йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича туман суди 2025 йил 25 сентябрда ҳукм чиқарган ва Олий суд ҳам қарорни ўзгартишсиз қолдирган.
23 ёшдаги Асадбек Телеграмдаги шахсий каналида Ўзбекистонда тақиқланган нашидани тарқатгани учун айбланган.
“Президентимиз эшитсин деб, илтимос қилиб, ҳамма жойга мурожаат қиляпман. Ҳақиқатда, ўғлим арабчани ҳам, Қуръонни ҳам билмайди. Мен уни бу йўналишда ўқитган эмасман. Ўғлим Россияда ишларди. Ўтган йили май ойида Ўзбекистонга келганди. Орган ходимлари уни чақиртириб, телефонини текширишган. Телефонида нашида қўшиғи борлиги аниқланган. Орган ходимлари бу қўшиқнинг сиёсатга алоқаси бор, деб айтишган. Тергов жараёнида эса: “Биз нима десак, хўп деб турсанг, жарима қилиб чиқариб юборамиз”, деб айтишган. Ўғлим эса хўп деб, милицияда қўл қўй деган қоғозларга қўл қўяверган” – дейди Ойбек Махсимов.
Суд ҳукмида Миромиддиновга нисбатан Жиноят кодексининг 244-моддаси 1-қисми қўлланилгани қайд этилган. Айбловнинг асосий далили сифатида унинг шахсий Телеграм каналидан тарқатилган “Ahi anta Hurrun AlNasheed” қўшиғи кўрсатилган. Мазкур моддада “диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни тарқатиш” жиноят сифатида белгиланган.
Ойбек Махсимовнинг ўғли Телеграмда диний мазмундаги материаллар жойлаштирилган канал юритганини инкор қилмайди. Бироқ у бу орқали экстремистик ғоя тарқатиш нияти бўлмаганини таъкидлайди.
Аҳлоқий ва ҳуқуқий сабабларга кўра, мазкур каналнинг номини мақолада келтира олмаймиз.
“У менинг биттагина ўғлим, оиламизни боқиб турган одам ҳам мана шу болам эди. Унинг ҳаётида биринчи марта шундай ҳолат рўй беряпти. Нега ёшларга аввал огоҳлантириш берилмай, дарров қамаб қўйишяпти? Эртага у бола қамоқдан қандай ҳолатда чиқади? У ерда нима кўради, нима ўрганади? Давлат, ҳеч бўлмаса, бир марта бўлса ҳам бу болага имконият бериши керак” - дейди ота.
Суд ҳужжатларида Асадбек нашида мазмунини тушунмаганини билдиргани қайд этилган. Шунингдек суд Рақамли технологиялар вазирлигига унинг Телеграм каналини блоклашни юклатган. Аммо “Озодлик” журналисти кузатувига кўра, 69 нафар обуначига эга ушбу канал ва ундаги материаллар суд қарорига қарамай январь охирида ҳам тармоқдан ўчирилмаган.
Тақиқланган манбалар, расмийлар изоҳи
2026 йил 10 январда Олий суд Ўзбекистонда экстремистик деб топилган 1593та интернет манба рўйхатини эълон қилган. Миромиддинов ишида тилга олинган нашида ҳам шу рўйхатда бор. Лекин бу манбалар қайси мезонларга таяниб аниқлангани, "қора рўйхатдаги" диний китоблар, қўшиқлар ва маърузалар мазмуни хақида батафсил маълумот берилмаган.
Диний манбаларни тақиқлаш кўпинча уларнинг муайян ташкилот ёки мафкура билан боғлиқлигига асосланади. Суд қарорига биноан мамлакатда 22та диний ташкилот фаолиятига рухсат берилмайди, тақиқланган бир ярим мингдан зиёд манба эса уларга алоқадор дейилади.
Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов 13 январда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги баёнотида интернетдаги экстремистик тарғибот хавфини қуйидагича изоҳлаган:
“Диний-экстремистик оқимлар томонидан интернет орқали радикал ғояларни тарғиб қилиши ва ёшлар, айниқса хориждаги мигрантларни ўз сафига ёллаши камаймоқда. Хусусан, ўтган йили Ўзбекистонда ва хорижда амалга ошириш режалаштирилган 11 та терактнинг олди олинди. Унга алоқадор 11 нафар Марказий Осиёлик шахснинг деструктив фаолиятига чек қўйилди. Бугунги кунда виртуал макон, айниқса ижтимоий тармоқлар, аҳоли орасида деструктив ғояларни тарқатишнинг асосий манбага айланиб, диний вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда”.
Нашида тарқатгани учун қамоққа олиш ҳолатлари сўнгги йилларда кўпайган
2023 йил - Тошкентдаги иқтисодиёт университети талабаси Жаҳонгир Улуғмуродов 3 йилга қамалиб, кейин жазо енгиллаштирилган.
2024 йил - Нурободда 19 ёшли йигит 3 йилга озодликдан маҳрум этилган.
2025 йил - Сурхондарёда 18 ёшли йигит “Ислом давлати” экстремистик ташкилотининг байроғи акс этган видеони сторисга қўйгани учун 3 йилга қамалган.
2025 йили Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келиниб судланган, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган блогер Алишер Турсунов ишида ҳам тақиқланган материаллар тарқатиш айби бор.
Ўзбекистон Конституцияси диний қарашларни мажбуран сингдиришни тақиқлайди ва эътиқод эркинлигини кафолатлайди.
Жамоатчилик фаоллари ва ҳуқуқбонлар эса мамлакатдаги таълим муассасаларида диншунослик етарлича ўқитилмаслиги ёшларнинг турли оқимлар фарқини тушунмаслигига олиб келаётганини айтишади.
“Айни таъқиқланган материалларни тарқатган юртошларимиз бугунги кунда жуда кўп. Менга ҳам жўнатишади. Мен уларга ушбу материал тақиқланганини, бунинг учун жавобгарлик борлигини айтсам, “билмагандим” деб ўчириб ташлашади. Бу ҳолат, аввало, ҳукумат томонидан мусулмонларга етарлича исломий билим берилмагани ва ўтган 35 йил давомида ислом динига нисбатан турли чекловлар қўйиб келингани билан боғлиқ” – дейди жамоатчилик фаоли Аслиддин Камол.
Ислом Каримовнинг президентлик даврида дин соҳаси кескин назорат остида бўлган Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин айрим чекловлар юмшатилгани кузатилган. Шу билан бирга, ҳалқаро ташкилотлар баёнотларида диний фаолият ва диний материалларга қатъий чекловлар давом этаётгани қайд этилади.
Human Rights Watch ташкилоти 2023 йилги ҳисоботида мамлакатдаги диний чекловлардан хавотир билдирган. БМТ махсус маърузачилари эса “экстремизм” тушунчасининг кенг талқини сўз ва дин эркинлигига таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Ўзбекистонда диний манбалар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотларни тўплайди, Дин ишлари қўмитаси экспертиза ўтказади ва материаллар Олий судга тақдим этилади. Суд қарори билан тақиқланган манбалар рўйхати тузилади ёки янгиланади. Текширувлар ана шу рўйхат асосида юритилади.
Форум