Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев ишдан олинди, унинг ўрнига Мухсинхўжа Абдураҳмонов тайинланди.
Президент қарорида Мусаевнинг ишдан олиниш сабаби ва унинг кейинги тақдирига оид маълумот очиқланмаган.
Озодликнинг агентликдаги манбасига кўра, Мусаевнинг "Ватандошлар" жамоат фондига раҳбар бўлиши кутилмоқда. Бироқ бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланган эмас.
Уч ой аввал агентликнинг собиқ мулозими Азизбек Тоштемиров Беҳзод Мусаевни агентликдаги коррупция схемаларига алоқадорликда айблаган эди. Бироқ расмий идоралар Мусаевга қарши иш очилмаганини билдирган.
Айни пайтда ўзбекистонликларни Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ортидаги 90 миллион долларлик коррупция схемаси бўйича суд жараёни давом этмоқда.
Беҳзод Мусаевнинг Миграция агентлиги раҳбарлигидан олингани ҳақида Президент матбуот котиби Шерзод Асадов 3 сентябрь куни тушдан сўнг маълум қилди.
Президент қарорида Беҳзод Мусаевнинг лавозимдан "бошқа ишга ўтиши муносабати билан" озод этилгани айтилган. Аммо у қайси лавозимга ўтиши очиқланмаган.
Озодликнинг агентликдаги манбаси Мусаев беш йил аввал ташкил қилинган "Ватандошлар" жамоат фондига раҳбар этиб тайинланиши кутилaётганини айтди. Фонд хорижда яшаётган ватандошларни тарихий Ватан атрофида жипслаштириш ва улар билан алоқаларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.
Бироқ 4 сентябрь куни фонднинг расмий сайтидаги маълумотга кўра, "Ватандошлар" жамоат фонди бошқаруви раиси ҳануз Одилжон Саттаров бўлиб турибди.
Озодлик фонд сайтида эълон қилинган телефон рақамига кун давомида бир неча бор қўнғироқ қилиб, фонднинг бирор ходими билан боғланиш имконига эга бўлмади.
Жорий йилнинг май ойида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Миграция агентлигидаги 90 миллион долларлик коррупция схемаси бўйича жиноят иши очилганини маълум қилган.
Мавзуга алоқадор
Кореяга ишга жўнатиш ортидаги $90 млн.лик схема. Бир гуруҳ ДХХ ходимлари ҳибсдаУшбу иш бўйича Интерпол қидирувига берилган (кейинчалик қидирувдагилар рўйхатидан олиб ташланган) агентликнинг собиқ мулозими Азизбек Тоштемиров ўзига қўйилган айбловларни инкор этиб, Миграция агентлиги раҳбариятига қарши коррупция иддаоларини илгари сура бошлаган.
Тоштемировга тегишли экани айтилган Telegram каналида агентликнинг амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаев ва собиқ раҳбари Афзал Ирматовга қарши коррупцияга оид қатор иддаолар, шунингдек, турли ҳужжатлар, аудиоёзувлар ва ёзишмалар скриншотлари эълон қилинди.
Мавзуга алоқадор
"Корея иши": Қидирувдаги собиқ амалдор $90 млн.лик схемада ўз раҳбарларини айбладиМусаевнинг ишдан олингани ҳақида хабар тарқалгач, унга нисбатан ҳам жиноят иши очилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Бироқ Бош прокуратуранинг ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг qalampir.uz сайтига маълум қилишича, Миграция агентлигининг собиқ директори Беҳзод Мусаев устидан ҳеч қандай хизмат текшируви ўтказилмаяпти.
Беҳзод Мусаев номи бунга қадар ҳам жамоатчиликнинг кескин тақиди ва норозилигига сабаб бўлган муаммолар марказида қолаётган эди.
Қолаверса, Беҳзод Мусаев 2010-2011 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг биринчи ўринбосари бўлиб фаолият юритган ва очиқланмаган сабабларга кўра ишдан бўшатилган эди. Ўша кезда Ички ишлар вазирлиги Беҳзод Мусаевни иқтисодий жиноятларда гумонланиб қидирувга бергани ҳақидаги иддаолар ҳам пайдо бўлган, аммо бу маълумотлар расман тасдиқланмаган эди.
Мавзуга алоқадор
Солиқ қўмитаси раисининг янги муовини ИИВ қидирувга берган шахслар рўйхатидаМавзуга алоқадор
Болаларнинг оммавий заҳарланиши: Расмийлар нимани яширмоқда?Аммо, 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Беҳзод Мусаев хориждан Ўзбекистонга қайтган ва бирданига юқори лавозимлар - Соғлиқни сақлаш вазири, Давлат солиқ қўмитаси раиси ва Бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Мусаевнинг номи Соғлиқни сақлаш вазири бўлган даврда юз берган "Док-1 Макс" фожиаси билан ҳам боғлиқ. 2022 йил декабрида мазкур дорини қабул қилган ўнлаб болалар ҳалок бўлгани маълум бўлгач, Мусаев вазир сифатида жабрланган болаларнинг ота-оналаридан узр сўраган. Уч кун ўтиб, у Соғлиқни сақлаш вазири лавозимидан озод этилган.
Мавзуга алоқадор
“Док-1 Макс” иши: ССВ раҳбари узр сўради, ДХХ жиноят иши очдиАммо Мусаевнинг лавозимдан олиниши расман "Док-1 Макс" воситасидан болалар ўлими билан боғланмади. Орадан кўп ўтмай, у Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири этиб тайинланди.
2024 йил сентябрдан эса Миграция агентлигига раҳбарлик қилиб келаётганди.
Ҳозирда Тошкентда ўзбекистонликларни Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ортидаги 90 миллион долларлик коррупция схемаси бўйича суд жараёни давом этмоқда.
Бектемир туман суди жадвалига кўра, мазкур иш доирасида тўрт нафар собиқ ДХХ ходими — Алижон Ашуров, Тимур Шорихсиев, Ганчар Узақов ва Сухроб Сайфутдиновга нисбатан Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича суд муҳокамаси кетмоқда.
Ўзбекистонда суд мажлислари жадвалини эълон қилувчи "Adolat" ахборот тизими маълумотига кўра, тўрт судланувчининг барчасига бир хил айбловлар қўйилган. Дастлабки терговда улар Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми "а" ва "б" бандлари (пора олиш), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳамда 301-моддаси 1-қисми (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқари чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) бўйича айбланган.
Жиноят иши тафсилотларидан хабардор ҳуқуқ-тартибот тизимидаги бир-биридан мустақил манбаларга кўра, Кореяга одам жўнатиш билан боғлиқ схема фигурантларидан бири — хорижга қочган ДХХнинг собиқ ходими М.Н. Туркияда ушланган ва Ўзбекистонга олиб келинган.
Бектемирдаги суд тафсилотларидан хабардор ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манба иддаосича, судланувчилар енгил жазо билан қутилиб қолиш эҳтимоли катта бўляпти.
“Судланувчилар иқтисодий жазо билан қутилиб қолиши мумкин. Чунки бунга коррупция аралашгани ҳақида ҳам гап-сўзлар бор. Бектемирдаги суд худди шу иш бўйича Наманганда ўтган маҳкама каби бўлиши мумкин. Намангандаги икки судланувчи ҳам аввал жиддий моддалар билан айбланган. Лекин улар енгил жазо билан қамоқдан қутилиб қолишди”, дейди ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манба.
Манба тилга олган Намангандаги судда Миграция агентлигининг собиқ ходимлари Беҳзод Бойсариев ва Сайфитдин Ризаевлар Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди (фирибгарлик) бўйича айбдор деб топилган. Бироқ иккисига ҳам қамоқ жазоси берилмаган.
Суд ҳукмида қайд қилинишича, жиноят иши доирасида жабрланувчиларга етказилган 7 миллиард 80 миллион сўм (тахминан 589 минг АҚШ доллари) моддий зарар тўлиқ қоплангани учун жазо жарима ва аҳлоқ тузатишга алмаштирилган.
Судланувчилар Озодликнинг Тошкентдаги қудратли ноқонуний “Офис” тузилмасига оид суриштирувлари қаҳрамонлари рўйхатида бўлишган.
Кореяга одам жўнатиш иши бўйича судланаётганлардан камида уч нафари Озодликнинг Тошкентдаги ноқонуний "Офис" тузилмаси ҳақидаги суриштирувларида ҳам асосий фигурантлар сифатида тилга олинган.
Булар — Бектемир туман судида судланаётган Алижон Ашуров, Тимур Шариксиев ва Ганчар Узақов.
Суд жараёни ОАВ учун ёпиқ ўтказилмоқда. 29 июль куни Бектемир туман судида бошланган мажлисда журналистларнинг суд жараёнини ёритишига рухсат берилмаган.
ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган полковник Алижон Ашуров 2024 йил 22 ноябрда лавозимидан олинган. Кейинчалик унинг қўл остида ишлаган бир неча мулозим, жумладан, подполковниклар Темур Шорихсиев ва Ганчар Узақов ҳам ишдан бўшатилган.
Айни пайтда мазкур коррупция иши доирасида тилга олинган ДХХ ва Миграция агентлиги қатор собиқ ва амалдаги мулозимларига нисбатан қўйилган иддаолар юзасидан расмий тергов натижалари маълум қилинмаган.