Ўзбек боксчиси чемпионлик камарини ҳимоя қилади

26 март куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида чемпионлик камарлари учун қатор бокс жанглари бўлиб ўтади.

Мусобақада рингга ўзбекистонлик жаҳон чемпиони Алишер Раҳимовнинг ҳам чиқиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка мусобақа ташкилотчиси “Костя Цзю бокс Академияси” расмий вакили Марина Мебодури хабар берди.

- Бу жаҳон чемпионлиги унвони учун жанг бўлиб, унда аргентиналик Хавьер Марсел ва ягона россиялик ўрта вазндаги жаҳон чемпиони Дмитрий Пирог учрашади. Бундан ташқари ўтказиладиган яна бешта жанглардан бирида енгил вазндаги WBC International камари соҳиби ўзбекистонлик Алишер Раҳимов россиялик Рустам Нугаев билан рингга тушиб ўзининг чемпионлик унвонини ҳимоя қилади,- деди Костя Цзю бокс академияси вакиласи.

Ҳозирда Нижний Тагилда яшаётган урганчлик “Али” лақаби билан жангларда иштирок этаётган Алишер Раҳимов профессионал рингда 21 жанг ўтказиб, жангларининг ҳаммасида ғалаба қозонган. Жангларнинг 11тасида рақибларини нокаутга учратган.



http://www.youtube.com/embed/HKzyHxGGeew
Алишер Раҳимов жангга тайёргарлик кўрмоқда.