Афғонистонда яна тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлди

Афғонистоннинг Ҳелманд вилояти ҳокими Муҳаммад Гулоб Мангал НАТО кучлари ҳаводан янглиш ҳужум қилгани оқибатида тинч аҳолидан 7 киши нобуд бўлганини билдирди.

Ундан олдин НАТО Афғонистон жанубида толиблар жанггарилари кетаётган деб тахмин қилинган автомобилларга ҳаводан уюштирилган ҳужум оқибатида тинч аҳолидан бир неча киши нобуд бўлганини билдирган эди.

Халқаро коалиция кучлари Ҳелманд вилоятининг Нав Зад туманида жума куни содир бўлган воқеа юзасидан текширув олиб борилаётганини маълум қилган.

Эълон қилинган баёнотга кўра, автомобилда толиблар лидерларидан бирии ва ёрдамчилари кетаётгани тўғрисида разведка маълумоти олинганидан сўнг уларга ҳаводан зарба берилган.

Бироқ кейинроқ ҳарбийлар мажақланган автомобил ичидан фуқаролар жасадларини топган.

Ҳелманд ҳокими эълон қилган баёнотда ҳужум оқибатида нобуд бўлганларнинг икки нафари эркак, иккиси аёл ва уч нафари болалар экани билдирилган.