Ливияда исёнчилар бир неча аҳоли пунктларини эгаллади

Ливияда исёнчи гуруҳлар Қаддафий кучларига қарши жанг ҳаракатларини давом эттириб, бир неча аҳоли пунктларини яна ўз назоратига олди.

Шанба куни улар Аждабия шаҳрини эгаллади. Шунингдек, улар Брега шаҳридаги йирик портлардан бири назоратини ҳам ўз қўлига олгани хабар қилинди.

АҚШ президенти Барак Обама БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ливия узра парвозсиз ҳудуд жорий этиш тўғрисидаги резолюциясини амалга тадбиқ қилишда халқаро коалициянинг "муваффақияти аҳамиятли" экани ҳақида баёнот берди.

Франция Мудофаа вазирлигига кўра, бу дақлат ҳаво кучлари Мисрата шаҳрида Қаддафий кучларига жиддий зарба берган.

Муаммар Қаддафий кучлари уларнинг Аждабия ва Сирте шаҳри оралиғидаги нуқталарига ҳам ҳужум қилингани, бир неча аскар ва фуқаролар ўлдирилгани ҳақида баёнот берди.

Бироқ, АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гэйтс бу айбловларни инкор қилиб, Қаддафий кучларини ёлғончиликда айблади ва улар ўзлари ўлдирган одамлар жасадини коалиция кучлари ҳужуми чоғида ўлган, дея ёлғон баёнот тарқатмоқда, деди.