Радиация АҚШ шарқигача етиб борди

АҚШнинг шарқий қисмидаги Массачусетс штатида ёмғир сувида радиация аниқланди. Массачусетс соғлиқни сақлаш идораси расмийларига кўра, радиокатив модда зарралари Япониянинг авария содир бўлган АЭСидан келгани эҳтимолга яқиндир. Зилзила ва цунамидан зарар кўрган Фукусима АЭСи Массачусетс штатидан 10 минг километр узоқда жойлашган.

Расмийларга кўра, сувда радиоактив изотоп ҳисобланган йод-131 моддасининг кичик миқдордаги зарралари топилган ва у Массачусетс аҳолиси соғлиғига хавф туғдирмади.

Японияга яқинроқ жойлашган АҚШнинг Невада, Калифорния, Ҳавайи, Колорадо ва Вашингтон штатларида ҳам Фукусимадаги авариядан кейин кичик миқдорда радиоактив зарралар аниқланган.
Мутасадди идоралар бу зарралар одам соғлиғига хавф туғдирмаслигини айтмоқда.

Айни пайтда, Япония расмийлари сўнгги кунларда Фукусима атом станциясида радиация даражаси кескин кўтарилганини маълум қилди. Бу эса 11 март кунги зилзила ва цунамидан шикастланган реакторларни таъмирлаш уринишларини қийинлаштирмоқда.