АҚШнинг Эрон режимини ўзгартириш мақсади йўқ

АҚШ Давлат департаменти мулозими Эронда режим ўзгариши эҳтимоллари Эрон халқи ҳал этадиган масаладир, дея таъкидлади.

Давлат департаментининг ядровий қуролларни тарқатмаслик бўйича махсус маслаҳатчиси Роберт Айнҳорн Вашингтон Эронда режимни ўзгартиришга уринмаяпти, дея баён қилди.

- Биз Теҳрондаги режимни ёқтирмаслигимиз мумкин – аслида ҳам шундай, биз Теҳрондаги режимни ёқтирмаймиз – лекин бу режим Эрон халқи унинг ўзгаришини истагандагина ўзгаради, деб ҳисоблаймиз,- деди АҚШ мулозими.

Душанба куни Карнеги жамғармасида қилган чиқишида Айнҳорн АҚШнинг сиёсати Эроннинг ядровий дастурлари, инсон ҳуқуқлари вазияти ва унинг "террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаши"га оид ҳаракатларига қаратилгандир, дея қўшимча қилди.