Ливия Ташқи ишлар вазири Британияга қочиб келди

Ливия собиқ ташқи ишлар вазири Мусса Кусса.

Ливия Ташқи ишлар вазири Мусса Кусса 30 март тунда Британияга келиб, Лондон расмийларига ўз лавозимидан истеъфога кетишини маълум қилди.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги Мусса Кусса ўтирган самолёт Фэрнбороу аэропортига 30 март куни қўнганини тасдиқлади. Тунисдан келган Кусса “бизга ўз лавозимидан истеъфо бераётганини маълум қилди”, дея маълум қилди Лондон дипломатлар идораси.

Ливиянинг ўзида Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар мамлакат шарқидаги учта йирик шаҳарни исёнчилардан қайтариб олди. Халқаро ҳамжамият айни пайтда исёнчиларга қурол-аслаҳа етказиб бериш масаласини кўриб чиқмоқда.

Қаддафий кучлари танклар ва артиллерия ёрдамида чоршанба куни Рас Лунуф, Уқайла ва Брега шаҳарларини ишғол қилиб, исёнчилар истеҳкоми бўлган Бенғозидан 160 километр шарқроқда жойлашган Аждабия шаҳрига яқинлашди.

Сешанба куни исёнчилар халқаро коалиция ҳаво зарбалари ёрдамида Сирте шаҳридан 100 километр шарқ томон илдамлаган эди. Қаддафий кучларининг контр-ҳужуми исёнчиларни ортга чекинишга мажбур қилди.

Ғарбда эса, ҳукумат кучлари исёнчилар қўлида қолаётган Мисрата шаҳрини қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда.

Қўшма Штатлар ва Британия исёнчиларга қурол-аслаҳа етказиб берилиши эҳтимолдан соқит қилинмаётганини маълум қилди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига биноан хориж давлатлари исёнчиларга қурол етказиб беришга ҳақли эмас, деб ҳисоблашини баён қилди.