Тожикистонда қочоқ маҳбуслар устидан маҳкама бошланди

Ўтган йил ёзида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан қочган ва кейинчалик қўлга олинган 11 маҳбус устидан суд жараёни республика Олий ҳарбий суд ҳаъйати томонидан олиб борилмоқда.

31 март куни эрталаб бошланган суд жараёни республика Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш изоляторида ёпиқ тарзда ўтказилаяпти.

Расмий манбалар қора курсига ўтирган жиноятчилар асосан Тожикистон ва Афғонистон фуқаролари эканини қайд этмоқдалар.

Ўтган йил август ойи охирларида Миллий хавфсизлик қўмитаси изоляторидан қочган 25 маҳбус орасида ўзбекистонлик икки фуқаро ҳам борлиги айтилади.

Тожикистон куч ишлатиш тизимлари ходимлари олиб борган қатор амалиётлар натижасида 25 нафар қочоқ маҳбуснинг 14 нафари қўлга олиниб, уч нафари эса йўқ қилинганди. Қолган саккиз маҳбус эса ҳамон озодликда қолаётир.