Ливия исёнчилари коалиция амалиёти давом эттирилишини сўради

Ливиядаги исёнчи гуруҳлар НАТО етакчилигида Қаддафийга қарши бораётган ҳарбий ҳаракатларни қувватлашини билдирди.

Бунга қадар исёнчи гуруҳлар жума оқшом НАТО га қарашли экани гумон қилинган учқич ҳужуми чоғида уларнинг 13 жангчиси ўлдирилгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Якшанба куни исёнчилар буни тасодифий фалокат, деб билиши ва бунга ўз сафидаги жангчилардан бирининг эҳтиётсизлик билан оғир ўқ отар қуролдан ҳавога ўқ узгани сабаб, деб ҳисоблашини билдирди.

НАТО қўмондонлиги бу ҳодиса юзасидан тергов бошлаганини маълум қилди.

Ушбу ҳодиса исёнчи гуруҳлар Аждабия шаҳридан Брегага ҳаракатланаётган кезда содир бўлган эди.

Айни пайтда Қаддафий режими исёнчиларнинг ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги таклифини рад этди. Ливия ҳукумати матбуот вакили Мусса Иброҳим бу таклифни “ақлга зид” деб баҳолади ва ҳукумат қўшинлари Ливия шаҳарларидан чиқмаслигини айтди.

Айни кезда ҳукумат қўшинлари Мисрата ва Брега шаҳарларидаги исёнчиларга қарши ҳужумларини давом эттирмоқда.