Назарбоев: Бу сайлов халқ бирлиги ифодасидир

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бугунги сайловлар мамлакат халқининг “бирлиги” ва халқнинг мунтазам “барқарорлик”ка эришиш нияти ифодаси, деб билишини айтди.

Қозоғистонда ўтаётган президентлик сайловида овоз берган Нурсултон Назарбоев, журналистлар бераётган хабарларга кўра, ўз ғалабасига ишончи комил суратда сайловчиларга кўриниш берган.

Қозоғистон мухолифати муддатидан икки йил аввал ўтказилаётган бу сайловга бойкот эълон қилган.

Нурсултон Назарбоевни 2020 йилга қадар ҳокимиятда қолдириш таклифи мамлакат Конституцион суди томонидан рад этилганидан сўнг мамлакат ҳукумати президентлик сайловини муддатидан олдин ўтказишга қарор қилган эди.

Сайловни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилар миссияси ҳам кузатмоқда ва ўз кузатувларини душанба куни эълон қилишини билдирган.

Қозоғистонда мамлакат мустақиллиги даврида ўтказилган бирорта сайлов халқаро кузатувчилар томонидан эркин ва шаффоф, деб баҳоланмаган.