Ҳамас ўт очишни тўхтатиш истагини билдирди

Исроил Мудофаа вазири Эҳуд Барак.

Ғазо секторини бошқараётган Ҳамас ташкилоти раҳбарлари Исроил билан ҳарбий қарама-қаршиликни тўхтатиш истагини билдирди. Ҳамас гуруҳи бу ҳақда Исроил Мудофаа вазири Эҳуд Барак ўт очишни тўхтатишга ишора қилганидан сўнг маълум қилди.

Ҳамаснинг матбуот котиби Сами Абу Зуҳри Фаластиндаги сиёсий кучлар зўравонлик кучайишидан манфаатдор эмаслигини таъкидлади.

Бир неча кун давом этган ҳарбий қарама-қаршиликдан сўнг якшанба куни Эҳуд Барак Исроил икки томонлама ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олишга рози эканини баён қилди. Исроил радиоси орқали сўзлаган Барак, "агар улар бизнинг жамоаларни ўққа тутишни тўхтатса, биз ҳам ўт очишни тўхтатамиз", дея таъкидлади.

Фаластинликлар отган ракета портлагани оқибатида исроиллик бир мактаб ўқувчиси яраланган эди. Исроил ҳарбийлари амалга оширган жавоб ҳужумлари пайтида 19 нафар фаластинлик нобуд бўлди. Исроил ҳарбийларига кўра, Ҳамас пайшанба кунидан бери Исроил ҳудудига 120 марта минамёт ва ракета ҳужумини уюштирган.