Япониядан Россияга келтирилган автомобилларда радиация аниқланди

Япониядан Владивосток портига олиб келинган қўлланилган автомобиллар

Россия божхона идораси расмийлари Находка портида Япониядан импорт қилинган еттита автомобилда радиация даражаси юқори эканини аниқлади.

Находка божхона идораси матбуот вакили Юлия Тисленконинг Озодликка айтишича, автомобиллар яқинида радиация даражаси рухсат этилган энг юқори нормадан етти марта кўпдир.

Маҳаллий расмийлар қарор қабул қилгунича автомобиллар ва уни олиб келган юк машинаси махсус жойга олиб бориб қўйилган.

Владивосток шаҳрида ҳам Япониядан олиб келинган 49та автомобилда радиация даражаси юқори экани аниқланди.

Кейинроқ 23та машинада радиация даражаси нормага тушган. 26 автомобил ювиб, тозаланган.

Айни пайтда 11 март куни рўй берган кучли зилзила ва цунами оқибатида шикастланган Япониянинг Фукусима Дайичи атом электр станциясидан атрофга радиация тарқалиши давом этмоқда.