Ямандаги намойишларда 7 киши нобуд бўлди

Бугун Яманнинг Ал-Ҳувайда шаҳридаги намойишчиларни номаълум шахс ўққа тутгани оқибатида бир киши ҳалок бўлди.

Санаа шаҳрида эса намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувда 5 намойишчи ўлди, 60 киши жароҳатланди, 23 киши шифохонада оғир аҳволда ётибди.

Шунингдек, Таиз шаҳрида полиция намойишчиларга қарши ўт очган пайти бир киши ҳалок бўлган.

Жорий йилнинг январ ойидан бошлаб намойишчилар мамлакатни 32 йилдан буён бошқариб келаётган Али Абдулла Солиҳ истеъфосини талаб қилиб келишади.

Мамлакатда тартибсизликлар бошланганидан буён юзлаб одамнинг ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Президент Солиҳ мухолифатга ён бериб, президентлик муддати тугагач, 2013 йилда истеъфога чиқишга ваъда берди. Бироқ бу ваъдалар намойишчиларни қониқтирмаяпти.