Фукусима атрофида кириш таъқиқланган зона жорий қилинди

Япония ҳукумати ядровий фожиа рўй берган Фукусима Дайичи АЭС атрофида 20 километрлик кириш таъқиқланган зона жорий қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Бу қарор маҳаллий вақт билан 21 апрел куни ярим тунда кучга киради.

Япония Давлат вазири Юкио Эдано одамларни ўз саломатлиги ва хавфсизлигини ўйлаб янги тартибга риоя қилишга чақирди.

Эдано Фукусимадаги вазият ҳозир ҳам барқарор эмаслигини қўшимча қилди.

11 март кунги кучли зилзила ва цунами пайтида Фукусима АЭСда авария содир бўлганидан кейин станция атрофида яшовчи 80 минг аҳоли эвакуация қилинган.

Ассосиэйтед Пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, кириш таъқиқланган зонага рухсатсиз кирган ҳар шахс 100 минг йен, яъни, 1,200 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилади ва ҳибсга олиниши мумкин.