Сурияда бугун ҳам аксилҳукумат намойишлари кутилмоқда

Суриялик фаоллар президент Башар ал Ассад режимига қарши намойишлар бугун ҳам давом этишини айтмоқда.

Пайшанба куни Сурияда 48 йил амалда бўлиб келган фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонун расман бекор бўлди, давлат хавфсизлиги судларини тарқатиб юбориш ва фуқароларнинг тинч намойиш ўтказишига рухсат берувчи фармонни ҳам президент имзолагани эълон қилинди.

Фавқулодда ҳолат қонунларининг бекор этилиши намойишчиларнинг асосий талаби эди.

Бироқ фавқулодда қонунларнинг бекор қилиниши намойишчиларни аҳдидан қайтара олмади.

Намойишчилар Сурия президенти Башар ал Ассад истеъфосини талаб этмоқда. Ассадга қарши норозилик чиқишларда шу кунгача 200 суриялик ҳалок бўлгани айтилмоқда.