Президент Ислом Каримовнинг Хитойга сафари пайтида эришилган келишувга мувофиқ Ўзбекистон - Хитой газ қувури йиллик газ етказиш қурби 25 миллиард метр кубга оширилади.
Тошкент ва Пекин Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Хитойга давлат ташрифи давомида Ўзбекистон-Хитой газ қувурининг учинчи тармоғини қуриш тўғрисидаги шартномани имзолади.
Бу ҳақда Регнум агентлиги Ўзбекистон президенти матбуот хизматидан олинган маълумотга таяниб, хабар қилди.
“Ўзбекистон-Хитой қувурининг йиллик ўтказиш қурби 25 миллиард куб метрга оширилади”, дея иқтибос келтиради матбуот хизмати расмийсидан агентлик.
Умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион АҚШ долларига етиши тахмин қилинган қувур қурилишини 2013 йилгача якунлаш режалаштирилган.
Лойиҳа амалиётида Хитой Тараққиёт давлат банки ва Хитой Миллий нефт-газ корпорацияси — CNPC иштирок этади.
“Марказий Осиё-Хитой” газ қувури 2009 йилнинг 15 декабрда фойдаланишга топширилган эди. \
2008 йилда қурилиши бошланган газ қувурининг умумий узунлиги тахминан 7 минг километрни ташкил қилади. Шундан 188 километри Туркманистон, 525 километри Ўзбекистон, 1 минг 293 километри Қозоғистон, 4 минг 860 километри Хитойдан ўтади ва Гунчжоу шаҳрида бошқа қувурларга туташади.
“Марказий Осиё-Хитой” газ қувурининг Ўзбекистондан ўтадиган қисмини қураётган Asia Trans Gas қўшма корхонаси ўтган йил охирида Ўзбекистон-Хитой қувурининг иккинчи тармоғини фойдаланишга топширган эди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида эришилган ҳукуматлараро келишувга мувофиқ йилига 10 миллиард метр куб миқдоридаги ўзбек табиий гази Хитойга етказилади.