Сурияда президент истеъфоси сўралган намойишлар давом этмоқда

Суриянинг бир неча шаҳарларида ҳануз намойишлар давом этмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари берган хабарларга кўра, шимолдаги Ҳама ва мамлакат марказидаги Ҳомус шаҳарларида хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши ўқ отар қурол ҳамда ёш оқизувчи газ қўллаган.

Шунингдек, Дамашқ шаҳри марказида ҳам 2 мингдан ортиқ намойишчига қарата ёш оқизувчи газ қўллангани ҳабар қилинди.

Намойишлар Суриянинг Дараа ва асосий аҳолиси курдлардан иборат бўлган шимолий-шарқий қисмидаги шаҳарларда ҳам бораётгани айтилмоқда.

Аммо, Сурия ҳукумати хориж журналистлари ва кузатувчиларини мамлакатга қўймаётгани боис айрим маълумотларнинг мустақил манбалар орқали тасдиқланиши имконсиз қолмоқда.

Намойишчилар амалдаги президент Башар Ассаднинг истеъфосини талаб қилишда давом этмоқда ва сўнгги ҳафталар ичида хавфсизлик кучлари томонидан 200 дан ортиқ одам ўлдирилгани айтилади.