Сурияда намойиш қурбонлари дафн маросими ўққа тутилди

Сурияда бугун намойиш қурбонлари дафн маросимида иштирок этаётган оломонга қарата снайпердан ўқ узилди ва камида беш одам қурбон бўлди.

Бу ҳақда суриялик баъзи намойишчиларнинг AFP агентлигига айтишича, снайперлар Дамашқ шаҳри яқинидаги Доума аҳоли пунктида маййитни олиб қабристонга бораётган оломонга қарата кўча юзидаги уйлардан бирининг томидан туриб, ўқ узган.

Шунингдек, Изроҳ шаҳрида бўлган дафн маросимида ҳам икки киши снайпер ўқидан ўлгани айтилмоқда.

Бугун Суриянинг турли шаҳарларида жума куни ҳукумат қўшинлари томонидан отилган намойишчиларнинг дафн маросимлари ўтмоқда.

Сўнгги хабарларга кўра, жума куни президент Башар ал-Ассад истеъфоси талаби билан давом этган намойишлар чоғида камида 90 киши отиб ўлдирилган.