Қасабланка ва Работда намойишлар бўлиб ўтди

Кеча Марокашнинг қатор шаҳарларида минглаб киши ислоҳотлар ва ижтимоий адолат талаб қилиб тинч намойишларда иштирок этди.

Исломчи ва сўлчи гуруҳлар томонидан уюштирилган кечаги намойишлар феврал-март ойларида ўтказилган чиқишларнинг давоми бўлди.

Марокаш расмий матбуоти хабарларига қараганда, мамлакатнинг молиявий пойтахти Қасабланка шаҳрида 4500 нафар атрофида, пойтахт Работда 2500 нафар атрофида одам намойишларда иштирок этди.

Мустақил кузатувчилар ҳисобича, Қасабланкада ўтган намойишга қарийб 10 минг киши қатнашди.

Подшоҳ Муҳаммад VI конституциявий ислоҳотлар ўтказилажаги, подшоҳ ваколатлари доираси тораяжаги тўғрисида эълон қилган.