Яман: Адан аэропортига уюштирилган ҳужум оқибатида 30 чоғли киши нобуд бўлди

Адан аэропортидаги портлашлар ичида Яманнинг янги ҳукумати аъзолари бўлган учоқ қўнганидан бироз ўтиб рўй бергани айтилмоқда.

Яман жанубий-ғарбидаги Адан шаҳри аэропортига 30 декабрь куни уюштирилган ҳужум натижасида камида 27 киши қурбон бўлган, ўнлаб одам яраланган. Бу ҳақда Al Hadath нашри мамлакат ҳукумати вакили сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳодиса ичида Яманнинг янги ҳукумати аъзолари бўлган учоқ аэропортга қўнганидан бироз ўтиб рўй берган.

Ҳужумчилар ҳадафи ҳукумат аъзолари бўлгани айтилмоқда. Бироқ мулозимлар муваффақият билан президент саройига етказилган. Бош вазир Моин Абдулмалик содир бўлган воқеани “қўрқоқларча амалга оширилган террор хуружи” деб атаган. Унга кўра, бу ҳужум “Яман давлатига қарши олиб борилаётган урушнинг бир қисми бўлиб ҳисобланади”.

Ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Айрим маълумотларга кўра, аэропорт миномётдан ўққа тутилган.

Яман спорт вазири Ҳамза ал-Камолий ҳужум исёнчи ҳусийлар томонидан амалга оширилган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Аввалроқ Яман президенти Абд-Раббу Мансур Ҳодий мамлакат янги ҳукуматини тузиш тўғрисида фармон чиқарганди.

Яманда қуролли тўқнашувлар 2014 йил мартидан бери давом этиб келмоқда. Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси президент Абд-Раббу Мансур Ҳодийга содиқ қўшинни, Эрон эса шиа мазҳабига мансуб ҳусийларни дастаклаб келмоқда.

Яманнинг янги ҳукумати шу йил 26 декабрида қасамёдга келтирилганди.