Адвокат: Ўрхан Инанди қамоқ касалхонасида жарроҳлик амалиётига олинди

Ўрхан Инанди Туркияга келтирилганидан кейин олинган фотосуратда унинг шикастланган қўлини тутиб турганини кўриш мумкин

Қирғизистондаги “Сапат” халқаро таълим муассасаси президенти, ҳозирда Туркия қамоғида сақланаётган Ўрхан Инанди жарроҳлик амалиётини бошидан кечирди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига унинг адвокати Халил Иброҳим Йилмаз маълум қилган.

Адвокатга кўра, Инанди ўғирланиши чоғида унинг бир қўли синган. Ҳозирда у амалиётдан кейин соғлиғини тикламоқда.

Халил Иброҳим Йилмаз айни пайтда жиноят иши материаллари билан танишиш жараёни кетаётгани, биринчи суд мажлиси 16 сентябрга белгиланганини қўшимча қилган.

Анқара прокуратураси Ўрхан Инандини 15 йилдан 22,5 йилгача озодликдан маҳрум этишни сўрамоқда. Унга нисбатан “қуролли террор ташкилотини бошқарганлик” моддаси бўйича айблов эълон қилинган, прокуратура ишни судга оширган.

Адвокат аввалроқ Инанди ўзини ўғирлаб кетганларни танимаслигини маълум қилган. Унинг айтишича, қирғиз миллатига мансуб уч киши уни ушлаб олиб, кўзларини боғлаганлар ва машинада бир неча соат йўл босиб, учоққа етказганлар ва бу ёғига Инанди учоқда Туркияга олиб борилган.

Ўрхан Инанди Туркияда таваллуд топган бўлиб, Қирғизистонга 1995 йилда келган, 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган. У 16 лицей, “Алатўў” халқаро университети, UWIS халқаро мактаби ҳамда тўлиқсиз умумтаълим мактабларини ўз ичига олувчи “Сапат” халқаро таълим муассасаси раҳбаридир.

Инанди 1 июнга ўтар кечаси ғойиб бўлган. Милиция Қирғизистон Жиноят кодексининг 170-моддаси (“Одам ўғирлаш”) билан жиноят иши очган. Кейинроқ Инанди Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган.

5 июль куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған халққа муроаати чоғида турк махсус хизматлари Ўрхан Инандини мамлакатга олиб келишганини айтган. Президент, ўз таъбирича, “ФЕТО” ташкилотининг Марказий Осиёдаги бошқарувчиси бўлмиш Инанди турк адлиясига топширилганини билдирган.