Афғонистонда уч кунлик оташкесимдан сўнг жанглар қайта бошланди

Ҳилманд вилояти маркази бўлмиш Лашкаргоҳ шаҳри

Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида 16 май куни толиблар ва ҳукумат кучлари ўртасида жанглар қайта бошланди.

Аввалроқ Толибон ҳаракати Рамазон ҳайити муносабати билан 3 кунлик оташкесим эълон қилган ва бу муддат якшанба куни тугаган.

Ҳилманд вилояти шўроси раиси Атоуллоҳ Афғон Франс Пресс агентлигига жанглар якшанба тонгида бошланганини маълум қилган.

Унга кўра, толиблар вилоят маркази бўлмиш Лашкаргоҳдаги ва бошқа жойлардаги назорат-ўтказиш масканларига ҳужум қилганлар.

Айни пайтда Толибон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид амалиёт ҳукумат кучлари томонидан бошлангани, бироқ улар оташкесим тартибининг бузилишида толибларни айблаётганини билдирди.

Уч кунлик оташкесим чоғида Кобулдаги масжидга ҳужум уюштирилиб, у ерда 12 нафар намозхон нобуд бўлган. Ҳужум учун масъулиятни кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган ИШИД ўз зиммасига олган.

Афғонистон расмийлари Толибон билан 2020 йил сентябридан бери Қатарда музокаралар олиб борганлар, бироқ бу музокаралар ҳалигача реал натижа бергани йўқ.

Музокаралар пайтида эришилган ягона келишув АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши шартлиги ҳамда Толибоннинг расмий Кобул билан тинчлик музокараларини олиб бориши ва чет эллик ёлланма жангариларга Афғонистондан бошпана бермаслиги бўлган.

Аввалроқ Афғонистондаги хорижлик аскарларнинг барчаси, жумладан америкалик ҳарбийлар жорий йил 11 сентябригача мамлакатни тарк этиши ҳақида хабарлар тарқалган.