Афғонистонда ярим ой ичида совуқ туфайли 160 дан зиёд одам нобуд бўлди

Афғонистоннинг тоғли ҳудудларидан бири (архив сурати)

Ўзбекистонга қўшни бўлган Афғонистонда 10 январдан буён 160 дан зиёд одам ва камида 70 минг бош уй ҳайвони нобуд бўлган. Мамлакатнинг айрим жойларида ҳаво ҳарорати – 34 даражагача пасайгани сабабли бу сафарги қиш мавсуми сўнгги йилларнинг энг совуқ қиши ўлароқ эътироф этилмоқда.

2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган “Толибон” ҳаракати томонидан шакллантирилган ҳукумат маълумотига кўра, 10 янвадан 26 январгача мамлакатда 162 киши ўлган. Бир неча кун аввал толиблар ҳарорат кескин совиб кетиши оқибатида 70 минг бошга яқин чорва ҳайвони нобуд бўлгани ҳақида маълумот тарқатишган.

Маълумотларга кўра, совуқдан ўлганларнинг кўпчилигини чўпонлар ҳамда қишлоқларда яшаб, “тиббий ёрдам олиш имкониятидан маҳрум бўлган” кишилар ташкил қилган. Қалин қор туфайли ҳозирда Афғонистоннинг кўп жойлари бошқа ҳудудлардан узилиб қолган: тоғли жойлардаги кўп йўллардан ўтишнинг имкони йўқ – “у ерларда машиналар тиқилиб қолган, йўловчилар эса ҳарорат пастлиги оқибатида ҳалок бўлишган”.

“Толибон” вакиллари иддаосича, улар фуқароларга ёрдам бериш учун ҳарбий вертолётларни йўллашган, бироқ вертолёт учувчилари тоғли ҳудудларда ерга қўнишни уддалашолмаган.

Афғонистон пойтахти Кобулда яшовчилар “ҳалигача ҳеч қанақа ёрдам ололмаган”ларини, ўзларига нон ва ўтин сотиб олиш учун пул етмаётганини, айримлар исиниш учун пластик ёқишаётганини айтишган.

Бунга параллел равишда “Толибон”нинг аёлларга ННТларда ишлашни тақиқлашга оид фармони ортидан кўплаб гуманитар ташкилотлар мамлакатдаги ўз фаолиятларини тўхтатиб қўйишган.

БМТнинг фавқулодда ёрдам бўйича мувофиқлаштирувчиси Мартин Гриффитс ўзининг Афғонистонга сафари чоғида халқаро ташкилот бу тақиқнинг бекор қилиниши йўлида ҳаракат қилаётганини билдирган. Гриффитсга кўра, мамлакатдаги гуманитар буҳрон туфайли 28 миллион афғонистонлик ёрдамга муҳтож, улардан 6 миллионига очарчилик хавф солмоқда.

Бундан 1,5 йил муқаддам ҳокимият тепасига келган толиблар илк кезларда мамлакатда аёллар ҳуқуқларига риоя қилиниши юзасидан ваъдалар беришган, бироқ тез орада бу борада чекловлар киритишни бошлашган. Улар Аёллар ишлари бўйича вазирликни тугатишган, қизларнинг мактаб ва университетларда ўқиш имконидан маҳрум қилишган, аёлларга спорт билан шуғулланишни тақиқлашган, телебошловчилардан эфирга ҳижобда чиқишни талаб қилишган.