Air France Россия ҳаво ҳудудига кириш тақиқлангани туфайли Москвага рейсини бекор қилди

AirFrance авиаширкати учоғи

Франциянинг AirFrance авиаширкати Россия ҳаво ҳудудига киришга рухсат бўлмагани учун AF1154 Париж – Москва рейсини бекор қилди. Бу ҳақда “Новая газета” нашри Мишель Синдюкова исмли йўловчи сўзларига таянган ҳолда хабар қилган.

AirFrance ширкати журналистларга бу маълумотнинг тўғрилигини тасдиқлаган. Париж – Москва рейси йўловчиси газетага тақдим этган видеоёзувда учоқ экипажининг йўловчиларга мурожаати эшитилади.

“Афсуски, бизда ҳануз ҳеч қанақа маълумот йўқ. Россия Федерациясининг ҳаво ҳудудига киришга ҳамон рухсат ололмадик”, деган рейс учувчиси карнай орқали. Кўп ўтмай экипаж командири рейс бекор қилинганини эълон қилган.

Йўловчига кўра, командир вазиятни “жуда ғайриодатий” деб атаган ва юз берган воқеани авиаширкатнинг аввалроқ Беларусь ҳаво ҳудуди орқали парвозларни тўхтатишга қарор қилгани билан боғлаган.

Учоқ Москвага 26 май куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 да қўниши керак эди. “Медуза” нашри хабарига кўра, рейс 27 майга қолдирилган. Flightradar хизмати маълумотига кўра, Air France ва ўзга ташувчиларнинг 26 май куни Беларусни четлаб учган бошқа рейслари Россия ҳаво ҳудудини кесиб ўтишга муваффақ бўлишган.