Аксилкоррупция агентлиги мулозими мансабдорлик билан боғлиқ жиноятлар сони камайганини иддао қилди

Ўзбекистонда 2019 йили мансабдорлик билан боғлиқ жиноятлар 2017 йилга нисбатан 60 фоизга, порахўрлик жиноятлари эса 53 фоизга камайган. Бу ҳақда 7 январь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева маълум қилган.

Мулозима жамиятда коррупция кўламини кескин камайтириш ва унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида бу ишга аҳоли жалб қилиниши кераклигини урғулаган.

У. Тўхташевага кўра, 2019 йилда мамлакат бўйлаб мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар оқибатида етказилган зарар миқдори 1 триллион сўмдан ортиқ бўлган, 2020 йилнинг 11 ойлик кўрсаткичлари натижаси бўйича эса бу кўрсаткич 346 миллиард сўмни ташкил этган.

Матбуот анжумани чоғида ўтган йили Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мансабдорлик билан боғлиқ жиноятлар юзасидан 837 та мурожаат келиб тушгани, бу бўйича тегишли вазирлик ва прокуратурага 14 та илтимоснома, 4 та огоҳлантириш хати ва жиноят иши қўзғатиш бўйича 12 та сўровнома йўллангани, бу сўровномалар асосида 7 та жиноят иши очилгани қайд этилган.