Америкалик генерал: Хитой ва Россия мунтазам равишда АҚШ сунъий йўлдошларига ҳужум қилмоқда

Алоқа сунъий йўлдошлари юкланган Falcon-9 ракетасининг учирилиши (архив сурати)

Хитой ва Россия деярли ҳар куни Ер орбитасидаги Америка сунъий йўлдошларига ҳужум қилади, дея маълум қилган Washington Post газетасига берган интервьюсида АҚШ космик кучлар қўмондони ўринбосари Дэвид Томпсон.

Генералнинг айтишича, гап лазер билан ҳужум қилиш, киберҳужумлар, сунъий йўлдошлар фойдаланадиган радиочастоталарни бўғиб қўйиш ҳолатлари ҳақида бормоқда. Ҳозирча бу ҳужумлар сунъий йўлдошларга “тиклаб бўлмас даражада зарар етказа олгани йўқ”, аммо уларнинг кўлами борган сари кенгайяпти.

“Вазият шундайки, космик тизимларимизга хавф солиш учун кўплаб имкониятлар мавжуд”, деган генерал Томпсон.

У АҚШ сунъий йўлдошини йўқ қилишга уриниш бўлган-бўлмаганига оид саволга жавоб беришдан бош тортган. Хитой ҳам, Россия ҳам бошқа сунъий йўлдошларга ҳужум қилишга мўлжалланган сунъий йўлдошларни яратиш устида иш олиб бормоқда.

2019 йилда Россия ҳарбий сунъий йўлдоши Американинг разведкачи сунъий йўлдошига шу қадар яқин келган эдики, АҚШ Россияга оид аппарат ҳужум қилмоқчи бўлганини истисно этмаганди.

Хитой эса Ерда сунъий йўлдошга қарши тизимлар, жумладан, лазер қуролларини кўпайтирмоқда. АҚШ разведкасига кўра, Хитой бу борада Россияни аллақачон ортда қолдирган. Боз устига Хитой АҚШга нисбатан икки баравар кўп сунъий йўлдош учирмоқда.

Генерал Томпсон фикрича, агар Вашингтон космик фаолиятини кучайтирмаса, Хитой бир неча йилдан сўнг коинотдан фойдаланиш соҳасида АҚШдан ўзиб кетиши мумкин.