Андижонда блогер аёлни калтаклаганликда гумонланаётган бош ҳисобчига қарши жиноят иши очилди

Андижонлик блогер Фотима Жўраева

Андижонда блогер аёлни калтаклаганликда гумонланаётган Улуғнор тумани электр тармоқлари бош ҳисобчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда “Дарё” нашри Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Блогер Фотима Жўраева шу йилнинг 22 ноябрь куни Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида Улуғнор тумани электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси томонидан калтакланганига оид видеони жойлаштирган .

Блогернинг айтишича, у фермер хўжаликларидан бирининг электр энергиясидан қарздорлиги сунъий равишда оширилгани тўғрисидаги гумонларни текшириш учун Улуғнор тумани электр тармоқлари корхонасига борган.

Ф. Жўраева корхона бош ҳисобчисидан тегишли ҳужжатларни кўрсатишни талаб қилган, аммо бош ҳисобчи унга қўпол муомалада бўлган ва уни калтаклаган. Блогер ўз мурожаатида айбдор корхона ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Аввалроқ Озодлик андижонлик блогер аёлнинг калтакланиши юзасидан Бош прокуратура ва "Ҳудудий электр тармоқлари" ширкати томонидан текширув ишлари бошлангани ҳақида хабар қилган. Расмийлар мазкур ҳолат юзасидан махсус комиссия тузилгани ва Улуғнор туманига юборилганини билдирган эдилар.

Олиб борилган терговга қадар текширув натижасига кўра, Улуғнор тумани электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси С.М.га нисбатан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда Фотима Жўраева жиноят ишида жабрланувчи дея эътироф этилган.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг 25 ноябрдаги хулосасига мувофиқ, Фотима Жўраевада бош мия чайқалиши, бошнинг чап қовоқ соҳаси ёрилиши, чап елка, бел, қорин ва думба соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ва қонталашлар каби жароҳатлар аниқланган.