Андижонда 12 аёл “ҳизбчи”ликда гумонланиб қўлга олинди

Андижон туманида яшовчи 12 нафар аёл 16 январь куни “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилотининг “Аёллар қаноти” гуруҳига аъзо бўлганликда гумонланиб қўлга олингани тўғрисида 18 январь куни вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Аёллар ДХХ Андижон вилояти бошқармаси, Андижон вилояти ва тумани ИИБ ходимлари ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайтида ушланган.

Билдирилишича, 12 нафар аёл Андижон туманида яшовчи фуқаро М.М.,нинг хонадонида тўпланиб, “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти фаолиятини тарғиб қилувчи “диний ўқишхонлик қилиб келаётганлиги аниқланди”.

“Олиб борилган тезкор суриштирув тадбирлари давомида ушбу аёллар ҳозирда Туркия давлатида бўлган 1972 йилда туғилган аёл М.Х.нинг кўрсатмаси асосида тез-тез бир бирларининг хонадонларида зиёфат баҳонасида йиғилишиб, М.Х.,дан ижтимоий тармоқлар орқали “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти ғоялари бўйича сабоқ олиб келишаётганлиги аниқланди”,-дейилади расмий билдирувда.

Сўнгги пайтларда ДХХ ва ИИВ томонидан Ўзбекистонда ўнлаб фуқаро турли экстремистик диний оқимларга аъзоликда гумонланиб қўлга олингани тўғрисидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлмоқда.

Сўнги марта Давлат хавфсизлик хизмати 12 январь куни Россияда жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Сурияга кетмоқчи бўлган вақтида Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани тўғрисида хабар берди.