Суд ҳукми бўйича апелляция шикояти бериш муддати узайтирилади

Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексида суд ҳукми устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати узайтирилмоқда. Бу ҳақда 22 декабрь куни Олий суд мутасаддилари иштирокида АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинган.

Қайд этилишича, биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати 10 кундан 20 кунга, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 кундан 1 ойга қадар узайтириляпти.

Айни пайтда апелляция тартибида шикоят беришнинг ўтказиб юборилган муддатларини тиклаш асослари кенгайтирилмоқда. Шунингдек, кассация тартибида шикоят бериш муддатлари амалдаги 6 ойдан фарқли равишда 1 йил этиб белгиланяпти.

Олий суд вакиллари урғусига кўра, тикланиши мумкин бўлган муддат бўйича чегара мавжуд эмас, тарафлар ҳар қанча муддат ўтганидан кейин ҳам ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўладилар.