Россия Apple ширкатини фойдаланувчилар шахсий маълумотларини локализация қилмагани учун жаримага тортди

Иллюстратив сурат.

Москва суди Apple ширкатини россиялик фойдаланувчилар шахсий маълумотларини локализация қилмагани учун жаримага тортди. 12 июлда эълон қилинган суд ҳукмга кўра, ширкат Россия ҳукуматига 2 миллион рубль (32 минг доллар) миқдорида жарима тўлаши шарт бўлади.

Apple россиялик фойдаланувчилар шахсий маълумотини Россиядаги серверларда сақлашдан бош тортгани учун илк маротаба жаримага тортилмоқда. Россия қонунчилигида барча тармоқлар россиялик фойдаланувчилар шахсий маълумотларини мамлакат ичидаги серверларда сақлаши шартлиги белгиланган.

Сўнги ойларда Москва суди шахсий маълумотларни Россияда сақлашдан, Кремль ёқтирмаган ёки Россия қонунчилигида тақиқланган контентларни ўчиришдан бош тортгани учун Google, Facebook, Twitter, WhatsApp, Telegram ва TikTok ширкатларига жарима солган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Москва суди Россияда тақиқланган маълумотларни ўчиришдан бош тортгани учун Google ширкатини даромад айланмасидан 7 миллиард рублдан кўпроқ жаримага тортган эди.

Жорий йилнинг 18 май куни Google Россиядаги шўъбаси банкрот бўлганини расман эълон қилди. Google корпорацияси Россиядаги ходимларининг асосий қисмини Дубайга кўчирди, айрим ходимлар эса Россияда қолишни ихтиёр қилди ва ишдан бўшади.