АҚШ Давлат департаменти ўз фуқароларига Россияга бормасликни тавсия қилди

Иллюстратив сурат

Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти ўз фуқароларига Россияга бормасликни тавсия қилди.

Баёнотда айтилишича, террорчилик, кучишлатар идоралар таъқиби, Россиядаги АҚШ элчихонасининг фуқароларга кўмаклашиш имкониятлари чекланганлиги ва маҳаллий қонунчилик ўзбошимчалик билан қўлланиши туфайли Россияга сафар қилмаган маъқул.

Давлат департаменти баёнотида Шимолий Кавказ, айниқса Чеченистон, шунингдек Қрим алоҳида тилга олинган. Шимолий Кавказ минтақасига бориш террорчилик, одам ўғриланиши ва тартибсизликлар хавфи нуқтаи назаридан тавсия этилмаган.

Қримга саёҳат қилиш эса мазкур ҳудуд аслида Украинага тегишли бўлиб, Россия томонидан босиб олингани ва босқинчи ҳукуматнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши ҳолатлари кузатилаётгани туфайли мақсадга мувофиқ кўрилмаган.

“Россияга бориб турадиган ва у ерда истиқомат қиладиган АҚШ фуқаролари, жумладан собиқ ва амалдаги давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар ҳамда тадбиркорлар Россия ҳукумати тарафидан ўзбошимчалик билан сўроққа тутилганлар ва таҳдидга учраганлар, шунингдек улар жабр-зулм, шафқатсиз муносабат ва тамагирлик қурбони бўлишлари мумкин”, дея урғуланган хабарномада.

АҚШ ҳукуматининг барча ходимларига Россияга сафар заруратини пухта ўйлаб кўришлари лозимлиги уқтирилган.

Аввалроқ АҚШнинг Москвадаги элчихонаси 1 августдан бошлаб консуллик хизматларини кўрсата олмаслиги, бу ходимлар етишмаслиги билан боғлиқлигини эълон қилган. АҚШнинг санкцияларига жавобан Россия ушбу мамлакатнинг Москвадаги ваколатхонасига чет давлатлар фуқароларини ишга ёллашни тақиқлашни режалаштирмоқда. 14 май куни Москвадаги АҚШ дипломатик миссияси вакили мазкур тақиқни жорий этиш кейинга қолдирилиши мумкинлигини айтган эди.