АҚШ Давлат департаменти россияликларни “уйсиз миллатлар” тоифасига киритди

АҚШ Давлат департаменти иммиграция визаси олишга ариза берувчи россияликларни “уйсиз миллатлар” (homeless nations) сирасига қўшди. Ушбу тоифага Қўшма Штатлар билан консуллик алоқаларига эга бўлмаган, сиёсий вазият унчалик барқарор бўлмаган ёки IV тоифали виза бериш учун етарли консуллик таркиби бўлмаган мамлакатлар киради.

Мазкур рўйхатда Куба, Эритрея, Венесуэла, Эрон, Ливия, Сомали, Жанубий Судан, Сурия ва Ямандан иммиграция қилувчилар ҳам бор.

АҚШ россияликларни “уйсиз миллатлар” рўйхатига тиркаш билан бирга, Россиядан иммиграцияга кетишни хоҳловчиларга ҳужжатларни Польшадаги консуллик бўлими орқали беришни тавсия этган.

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова ўз телеграм-каналида АҚШ Давлат департаменти қарорини “Американинг ўз озодлик идеалларини яксон қилиши” деб атаган.

2021 йил баҳорида Россия АҚШ ва Чехияни Россияга нисбатан “дўстона бўлмаган хатти-ҳаракатлар”ни амалга оширувчи мамлакатлар рўйхатига киритиб, уларга ўз дипломатик миссияларида ишлаш учун россияликларни ёллашни таъқиқлаган эди. Бунинг ортидан АҚШнинг Россиядаги консулхонаси ходимлари сони қарийб 200 кишига қисқарган.

Американинг Россиядаги элчиси Жон Салливан ходимлар сони кескин камайгани туфайли АҚШ Россияда консуллик хизматлари кўрсатишни батамом тўхтатиши мумкинлигини айтган.

Россия ўз фуқаролари ва учинчи мамлакатлар фуқароларини консуллик хизматларига ёллашни тақиқлашидан олдин ўн нафар америкалик дипломатни бадарға қилган ва саккиз нафар олий мартабали мулозимга РФга келишни ман этган. Бу АҚШнинг киберҳужумлар учун Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтиришига қарши жавоб чораси сифатида қўлланган.