АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Польша ТИВ раҳбари Збигнев Рау билан телефон орқали мулоқоти чоғида Лукашенко режимининг Беларусь ва Польша чегарасида миграция инқирозини кучайтиришга интилиши тагида, жумладан, Россиянинг Украина чегарасидаги хатти-ҳаракатларидан эътиборни чалғитиш мақсади ётганини айтди.
Давлат департаментининг мазкур мулоқотга оид хабарномасига кўра, Блинкен АҚШ номидан “Лукашенко режимининг мигрантларни сурбетларча эксплуатация қилиши”га тўқнаш келган Польшани дастаклашга ваъда берган.
Бош котибга кўра, Минскнинг хатти-ҳаракатлари минтақа хавфсизлигига таҳдид солади ва зиддиятларни чуқурлаштиради.
Икки давлат ташқи сиёсат идораларининг раҳбарлари Лукашенко режимини Ғарб томонидан жорий этилган санкцияларнинг асосий сабаби – Беларусда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш билан боғлиқ вазият устида ишлашга чақирганлар.
Сўнгги кунларда Беларусь-Польша чегарасида вазият кескинлашган. Бевосита чегара яқинида Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Африкадан келган минглаб мигрантлар тўпланиб турибди. Улардан айримлари куч билан Польша ҳудудига ўтишга уринмоқда.