АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Тошкентда Саида Мирзиёева ва вазир Бахтиёр Саидов билан учрашди

Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси ва катта қизи Саида Мирзиёева АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу билан, Тошкент, 2023 йил 7 ноябри

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 7 ноябрь куни АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу билан учрашган. Бу ҳақда мулозим ўзининг Телеграм-канали орқали маълум қилди.

“Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мезбонлик қилаётган Ўзбекистон ва АҚШ Стратегик шериклик мулоқотининг учинчи йиғилиши давомида ҳамкорлигимизнинг кенг кун тартибини муҳокама қилдик ва устувор соҳалар, айниқса, минтақавий иқтисодий фаровонликни таъминлашга қаратилган йўналишларни белгилаб олдик”, деб ёзган вазир Саидов АҚШ делегацияси билан учрашув натижалари ҳақида.

Шунингдек, Дональд Лу сешанба куни Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси ва катта қизи Саида Мирзиёева билан ҳам учрашув ўтказган.

“Мулоқот давомида таълим, маданият, аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш каби соҳаларда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдик. Шунингдек, Ўзбекистонда ОАВ фаолияти ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзаро ҳамкорлик юзасидан фикр алмашдик”, деб ёзган Саида Мирзиёева Телеграмдаги ўз саҳифаси орқали.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу 4 ноябрдан 11 ноябргача давом этадиган сафари доирасида Ўзбекистонга келиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. 5 ноябрь куни Қозоғистонда бўлган америкалик мулозимнинг Ўзбекистондан кейин Ҳиндистонга сафар қилиши кутилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти Дональд Лунинг минтақага сафаридан мақсад шу йил сентябрида Нью-Йоркда ўтган C5+1 саммитида эришилган келишувларни мустаҳкамлаш эканини билдирган.