Байден ва республикачилар дефолтга йўл қўймаслик бўйича муросага эришди

Вакиллар палатаси раиси республикачи Кевин Маккарти ва президент Жо Байден музокаралар пайтида.

Оқ Уй ва Конгрессдаги республикачилар вакиллари давлат қарзи миқдорини кўпайтириш ва бюджет масаласида принципиал келишувга эришди. Бу ҳақда Вакиллар палатаси раиси республикачи Кевин Маккарти ва президент Жо Байден алоҳида-алоҳида баёнот берди.

Конгресс шу ҳафта ичида эришилган келишувни қонунлаштиришга улгуриши лозим. Агар мазкур келишувга эришилмаганида АҚШни дефолт кутаётган эди. Мутахассислар фикрича, бу ҳолатда жаҳон иқтисодиёти катта салбий таъсирга дучор бўлар эди. Аввалроқ Федерал захира тизими раҳбарияти федерал ғазначиликдаги пул 5 июнда тугаши мумкинлигини билдирганди.

Вакиллар палатасида ҳукмронлик қилаётган республикачилар давлат қарзи миқдорини кўпайтиришга рози бўлиш эвазига бюджет чиқимларини кескин камайтиришни талаб этмоқда. Агентликларнинг ўз манбаларига таяниб хабар беришларича, томонлар мудофаага тааллуқли бўлмаган бюджет ҳаражатларини 2024 йилда жорий йил даражасида сақлаб қолиш ва 2025 йилда уни 1 фоизга ошириш юзасидан муросага эришган.

Конгрессда республикачиларнинг бир қисми келишувга қарши овоз бериши, аммо уни демократлардан айримлари маъқуллаши тахмин қилинмоқда. Шундай қилиб ҳужжат Вакиллар палатасида ҳар иккала партиядан кўпчилик овоз олган ҳолда тасдиқланиши кутилмоқда. Ҳужжатга овоз бериш жараёни 31 майда ўтказилади.